"Самарқандда таълим тарихи" кўргазмасини вилоят ҳокими очди

Бугун, 28 август куни Регистон майдонида Мирзо Улуғбек мадрасаси ташкил этилганининг 600 йиллиги муносабати билан "Самарқандда таълим тарихи" кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Эркин Турдимов ва СамДУ ректори Р.Холмуродов сўзга чиқиб, жамият учун таълимнинг аҳамияти, Регистоннинг ўзбек халқи таълим тизимида катта пойдевор вазифасини ўтаганини таъкидлашди.

Кўргазмани Мирзо Улуғбек мадрасасида ташкил этишдан мақсад -Темурийлар ҳукмронлиги даврида илм-фан, маърифат, меъморчиликка юксак эътибор қаратилганлигини кўрсатишдан иборат. Мадраса таълим, тарбия, илм-фан, маданият ва санъатни ривожлантиришга қаратилган шаҳарсозликнинг ажойиб намуналаридан биридир. Мирзо Улуғбек Темурийлар даврида илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган ҳукмдор. Самарқанд астрономия мактаби эса ўша даврдаги муҳим илмий марказ ҳисобланган. Улуғбек мадрасаси ва обсерваторияси жаҳон маданияти ва илм-фани тарихида улкан аҳамиятга эга бўлиб, мамлакат ривожига хизмат қилган. Кўргазмага маданият ва таълим арбоблари ташриф буюришди.

Расмий маросимдан сўнг меҳмонлар музей экспонатлари билан танишдилар, деб хабар берди Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати.