Самарқандда “Темирйўл вокзали — Сиёб бозори” трамвай йўналиши вақтинча тўхтатилди

Самарқанд шаҳридаги Гагарин ва Рудакий кўчалари кесишмасида тоннель қуриш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан Рудакий кўчасининг қурилиш бўлаётган қисмида транспорт воситаларининг ҳаракати босқичма-босқич чекланади.
Шу муносабат билан 2-сонли “Темирйўл вокзали — Сиёб бозори” трамвай йўналиши вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ахборот хизмати маълум қилди.
Трамвай ҳаракати тиклангунга қадар фуқароларга параллель йўналишларда ҳаракатланувчи автобуслардан фойдаланиш тавсия этилади.
Қурилиш ишлари якунланганидан сўнг, трамвай қатнови қайта тикланиши ҳақида қўшимча маълумот берилади, дейилади хабарда.