Самарқандда туризм мавсуми очилди: барча тарихий обидаларга кириш бепул

Самарқандда сайёҳлик мавсумининг бошланиши муносабати билан вилоят мусиқали драма театри ёнида “Самарқанд – туризм маркази” шиори остида маданий-кўнгилочар тадбир ўтказилди. Куй-мусиқа, турли танлов, викториналар, шоу чиқишлар, хуллас, Самарқандда туризм мавсумининг бу тахлит очилиши илк бор кузатилди.

- Самарқандда туризм мавсуми, аввало, вилоят аҳли ва меҳмонлар учун қатор чегирма ва имтиёзлар билан бошланди, - деди вилоят ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Нуруллаев. – Бугун Самарқанддаги барча тарихий обидаларга кириш аҳоли учун бепул, шунингдек, вилоят мусиқали драма театрида томошабинларга бепул спектакль намойиш этилмоқда. Қолаверса, Наврўз айёми кунлари маҳаллий авиарейсларда 50 фоиз, темирйўл транспортида 15 фоиз чегирмалар бўлиши белгиланган. Маҳаллий туризмни ривожлантириш йўлида зиёрат туризмини оммалаштириш билан биргаликда янгидан-янги сайёҳлик йўналишлари ташкил этилмоқда. Хусусан, Конигилда ташкил этилган туризм қишлоғи нафақат хорижлик, балки маҳаллий сайёҳлар учун ҳам томоша қилишга, қайсидир маънода этник тарихимизни ўрганишга ҳам ёрдам беради.

Маросимда йиғилганларга рақамлар тарқатилди. Лотерея тарзида ўтказилган ўйинда рақамлари чиққан омадли иштирокчилар Тошкент, Бухоро каби вилоятларга икки кишилик саёҳат чипталари билан тақдирланди.

-  Бундай ютуқни ҳечам кутмагандим, - дейди Регистон маҳалласидан келган Феруза Абдуллаева. – Маҳалламиз фаоллари «Темир дафтар»даги оила аъзоларини шу байрамга олиб келишганди. Маза қилиб томоша қилдик. Тошкентга бепул саёҳат аёллар байрамига кутилмаган совға бўлди.

Хонандалар иштирокидаги куй-қўшиқ, саҳна кўринишлари, вилоят мусиқали драма театри актёрлари ижросидаги «Амир Темур ва элчилар» номли саҳна кўринишлари иштирокчиларга байрам кайфиятини улашди.

Гулруҳ Мўминова,

Замира Балтаева (фото).