Самарқандда узлуксиз таълимда узвийликни таъминлаш бўйича ўқув-семинари ташкил этилди

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида мактабгача, умумий ўрта, профессионал ва олий таълим ўқув дастурлари ва фанларнинг узлуксизлигини ва узвийлигини таъминлаш бўйича ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда узлуксиз таълим тизимида фан дастурлари узвийлигини такомиллаштиришга бағишланган тадбирда Таълим инспекцияси мутасаддилари ва Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси раҳбарлари, СамДУ ва СамДЧТИ профессор-ўқитувчилари, мактаб ўқитувчилари ҳамда методистлар иштирок этди.

Семинарда Таълим инспексияси бошлиғи ўринбосари Одил Қўйсинов Президент қарорида белгиланган долзарб вазифалар, мактабгача, умумий ўрта, профессионал ва олий таълим ўқув дастурлари ва фанларнинг узлуксизлигини ва узвийлигини таъминлашдаги муаммоларга тўхталиб ўтар экан, узлуксиз таълимда узвийликни амалга ошириш йўллари, узвийликни таъминлаш босқичлари бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси таълим инспекцияси бош бошқарма бошлиғи Aбдураҳим Носиров, инспекциянинг Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохолов, вилоят халқ таълими бошқармаси методик хизмат бўлими бошлиғи Низомиддин Одилов ва бошқалар мавзу юзасидан сўз юритди.

Президентнинг юқорида таъкидланган қарори иловасининг 4-бандига кўра, “Мактабгача, умумий ўрта, профессионал ва олий таълим ўқув дастурлари ва фанларнинг узлуксизлигини таъминлаш” вазифаси белгиланган.

Ушбу топшириқ ижросига биноан ишчи гуруҳ аъзолари томонидан узлуксиз таълим тизими учун 21 та фан бўйича консепциялар ишлаб чиқилиб, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси порталига (ҳттп: //www. узвийлик.тди.уз) жойлаштирилган. Барча фанлардан мавзулар узвийлиги, такрорийлиги нуқтаи назаридан қиёсий жадваллар тайёрланган. Жараёнда мавзулар такрорланиши, айрим мавзуларни таълим босқичининг биридан бошқасига ўтказиш, айрим фанлардан узлуксиз таълим консепцияларининг олий таълим қисми ишлаб чиқилмаганлиги каби муаммолар аниқланган.

Ушбу фанлар қаторида физика фанидан такрорланган мавзулар 15 тани, узвийлиги таъминланмаган мавзулар 19 тани, назарий машғулот туридан амалий машғулот турига ўтказилиши таклиф этилаётган мавзулар 9 тани, қисқартиришга таклиф этилаётганлари 1 тани, янги киритишга ёки такомиллаштиришга таклиф этилаётган мавзулар 47 тани, халқаро тадқиқотлар (PISA, PIRLS,TIMMS) бўйича киритиладиган мавзулар 54 тани ва бошқа таълим турига ўтказилган мавзулар 35 тани ташкил этган.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Мактабгача таълим, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан биргаликда мутахассислар томонидан барча фанлардан ҳар бир таълим тури учун алоҳида ва ўзаро узвийлиги таъминланган ўқув дастурлари лойиҳалари тайёрланган.

Узлуксиз таълим тизимида физика фани бўйича таълим сифатини тубдан ошириш, ўқув дастурларини янгилаш, таълим муассасаларини замонавий лабораториялар, дарсликлар ва бошқа ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, кадрлар тайёрлаш ва илм-фан натижаларидан фойдаланишда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида ўзаро яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Муаммолардан бири узлуксиз таълим тизимининг барча босқичларида физика фанининг ўқитилиши, унинг мазмуни, ҳажми, методикаси, дарслик ва адабиётлар билан боғлиқ масалалар эканлиги, ушбу янгиланаётган ўқув дастурлари янги дарсликлар учун асос бўлиши, бу борада хатоликка йўл қўйилса, унинг салбий оқибатлари кўп йиллар давом этиши мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.

Физика фанининг узлуксиз таълим тизимида бир мақсад асосида, узвий вазифалардан келиб чиққан ҳолда юқори савияда ўқитилиши бугунги кундаги мамлакатимиз иқтисодий ривожланиши, халқаро тадқиқотларда муваффақиятли иштирок этиши билан боғлиқ муаммоларга ечим бўлиши қайд этилди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда физика фанидан вилоятдаги мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, касб-ҳунар мактаби, академик лицей ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари ва консепциясини олимлар, методистлар ва амалиётчи ўқитувчилардан ишчи гуруҳ тузган ҳолда чуқур ўрганиб, узвийлик ва узлуксизлик нуқтаи назаридан ҳам таҳлил қилиш бўйича вазифалар белгиланди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси.