СамАТИда Тушиа университети билан қўшма кампус очилди

Бугун Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ҳамда Италиянинг Тушиа университети ўртасида ташкил этилган қўшма кампуснинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур қўшма кампус ғояси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Италия Бош вазири Жоржа Мелонининг 2025 йил 28–29 май кунлари Самарқандда бўлиб ўтган учрашувлари давомида илгари сурилиб, икки давлат ўртасидаги илмий-таълимий ҳамкорликнинг янги йўналиши сифатида белгиланган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Италиянинг Тушиа университети ўртасида расмий келишув имзоланди ва бугун ушбу ташаббус амалиётда ўз самарасини бера бошлади.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров, Италиянинг Тушиа университети ректори, профессор Стефано Убертини бошчилигидаги делегация, Италия университети вакиллари, халқаро ҳамкорлик ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда томонлар ўртасида икки бакалавриат ва икки магистратура йўналишида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш бўйича шартномалар имзоланди. Жумладан, бакалавриат босқичида – агрономия, озиқ-овқат фанлари ва технологияси йўналишлари, магистратура босқичида – органик деҳқончилик, доиравий иқтисодиёт йўналишларини очиш режалаштирилди.

- Қўшма дастурлар халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган ўқув режаларига таянган ҳолда ташкил этилади, - дейди Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ректори, профессор Шавкат Ҳасанов. - Талабалар таълим жараёнида икки давлатдаги олий таълим муассасаларида навбатма-навбат таҳсил олишлари, ўқув дастурини муваффақиятли тугатгач, Ўзбекистон ва Италия олий таълим муассасалари томонидан тан олинадиган икки томонлама дипломга эга бўлишлари кўзда тутилган. Бу эса битирувчиларга нафақат мамлакатимизда, балки халқаро меҳнат бозорида ҳам кенг имкониятлар эшигини очиб беради.

Мазкур қўшма кампуснинг ташкил этилиши Ўзбекистон таълим тизимида инновацион ёндашувлар, замонавий агротехнологиялар, озиқ-овқат хавфсизлиги, органик деҳқончилик ва доиравий иқтисодиёт каби долзарб йўналишларда юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилиши билан бир қаторда, икки давлат ўртасидаги илмий-академик алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Бундан ташқари, қўшма таълим дастури доирасида:

  • талабалар учун халқаро стипендия ва грантлар жорий этилади;
  • академик алмашинув дастурлари йўлга қўйилади;
  • икки давлат олимлари ва тадқиқотчилари учун қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилади;
  • ёшлар учун халқаро амалиёт ва стажировкалар ташкил қилинади.

Шунингдек, томонлар мунтазам музокаралар олиб бориб, таълим дастурининг самарадорлигини ошириш, янги йўналишлар очиш ва ўқув жараёнини замонавий рақамли платформалар асосида ташкил этишга доир ташаббусларни ишлаб чиқмоқда.

Қўшма кампуснинг очилиши Ўзбекистон таълим ва қишлоқ хўжалиги тизими ривожида янги босқични бошлаб бериб, мамлакатимиз ёшларига дунё даражасида билим олиш ва халқаро тажрибага эга бўлиш имкониятини тақдим этмоқда.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.