Самарқандда халқаро ташкилотлар иштирокида саноат статистикаси масалалари муҳокама қилинмоқда
Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) ва Барқарор ривожланиш мақсадлари (BRM) бўлими билан ҳамкорликда “Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг айрим мамлакатларида саноат статистикасини такомиллаштириш ва саноат ривожланишини таҳлил қилиш учун статистик кўрсаткичларни ишлаб чиқиш” лойиҳаси доирасида саноат статистикаси бўйича минтақавий семинар ўтказилмоқда.
Семинарда БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) масъуллари, Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғиз, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистон давлатларининг статистика бўйича масъул ходим ва экспертлари қатнашяпти.
Иштирокчилар “Саноат статистикасининг асосий кўрсаткичлари”, “Ишлаб чиқаришда илмий-тадқиқот ишлари”, “Ишлаб чиқаришда рақамли иқтисодиёт”, “Саноат кўрсаткичларининг композит индекслари” мавзуларида тақдимотлар қилиб, тажриба алмашмоқда.
БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) 1966 йилда ташкил этилган ва штаб-квартираси Австриянинг Вена шаҳрида жойлашган. Ташкилотга 170 та давлат аъзо ва дунё бўйлаб 29 та минтақавий ҳамда давлатлараро идоралар тармоғи мавжуд. Ташкилотнинг асосий мақсади ривожланаётган мамлакатлар ва иқтисодиёти ўтиш давридаги мамлакатларда саноат ривожланишини рағбатлантириш ва жадаллаштириш, шунингдек, халқаро саноат кооперациясини ривожлантиришдан иборат.
Ташкилот саноатда экологик барқарорликни рағбатлантириш ва тоза энергиядан фойдаланиш имкониятларини ошириш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Барқарор саноат истеъмоли ва ишлаб чиқариш моделларини рағбатлантиради. 2019 йилдан буён ташкилотга аъзо давлатларда минтақавий тарзда саноат статистикаси бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиб келинмоқда.
- Саноат статистикаси масалаларини муҳокама қилишга бағишланган галдаги семинарда 10 та давлат вакиллари ўз тақдимоти ва соҳада фойдаланаётган лойиҳалари билан иштирок этяпти, - дейди БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) бош статистики Фернандо Канту. – Йил давомида биз бу каби лойиҳалар, эришилган натижа ва келгусидаги режаларни муҳокама қилиб, саноат статистикасининг ривожланишига хизмат қиладиган лойиҳаларни саралаб оламиз ва ўша давлат тажрибасини амалда татбиқ қилинади.
Семинарнинг илк кунида Ўзбекистон Статистика агентлиги Саноат статистикаси бошқармаси бошлиғи Сардор Жўраев томонидан “Ўзбекистон миллий статистика тизими ва саноат статистикаси самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар ва истиқболдаги режалар” мавзусида тақдимот қилинди.
Тақдимотда саноат статистикаси бўйича амалга оширилаётган ишлар, хусусан, тармоқ статистикасида ахборот тизимлари ўрнини ошириш, саноат корхоналари демографияси бўйича кўрсаткичларни шакллантириш услубиятини такомиллаштириш, саноат ишлаб чиқаришининг технологик ривожланиши бўйича мавжуд кўрсаткичларни шакллантириш услубиятини халқаро тавсия ва қўлланмалар асосида такомиллаштиришга оид масалалар бўйича батафсил маълумотлар берилди.
Семинар 7 июнга қадар давом этади ва саноат статистикаси бўйича асосий масалалар юзасидан иштирокчи давлатлар, халқаро ташкилотнинг масъул экспертлари ўртасида муҳокамалар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчи давлатларнинг илғор тажрибаларини амалиётга жорий этиш, саноат статистикаси бўйича асосий индекторларни шакллантириш методологиясини халқаро тавсиялар асосида янада такомиллаштириш, саноатда кўп факторли меҳнат унумдорлиги индексини шакллантириш юзасидан ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш бўйича лойиҳа доирасида амалга ошириладиган устувор вазифалар белигилаб олинади.