Самарқандда “Хорижий мамлакатлар кино кунлари” ўтказилмоқда
Бугун Самарқанд шаҳридаги “Шарқ юлдузи” кинотеатрида “Ипак йўли дурдонаси” ХIII Тошкент халқаро кинофестивали доирасида “Хорижий мамлакатлар кино кунлари”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кинофестиваль очилишида республикамиз ва беларуслик таниқли актёр, продюсер ва режиссёрлар ташриф буюрди ва Беларусь киноижодкорларининг “Ўйинчи тақдири” (“Правила геймера”), “Прантиш Вирвичнинг саргузаштлари” (“Авантюры Парантиша Вырвича”), “Қўпорувчи тақдири” (“Судьба Диверсанта”) фильмлари намойиш этилди.
Айниқса, машҳур режиссёр ва продюсер Дмитрий Астрахан томонидан суратга олинган “Қўпорувчи тақдири” (“Судьба Диверсанта”) фильми томошабинларга манзур бўлди.
- Фильм Иккинчи жаҳон урушидаги қуриқликда олиб борилган энг йирик қўпорувчилик операцияси ҳақида, - дейди режиссёр. – Бу даврда немис босқинларига қарши курашган совет аскарларининг қаҳрамонликлари фильмнинг асосий мазмунини ташкил этади. Фильмни суратга олишда архив маълумотларидан ҳам фойдаланиб, қаҳрамонлар образини яратдик, ўйлайманки, фильм сизларга ёқади.
Шунингдек, кинофестивалда “Беларусфильм” киностудияси иштирокида режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов томонидан суратга олинган, урушда бешта ўғлидан жудо бўлган Зулфия Зокированинг фожиали тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи “Илҳақ” кинофильмининг ҳарбий эпизодлари Беларусь Республикасида суратга олингани қайд этилди.
Кинофестиваль доирасида Самарқанд шаҳридаги “Нурафшон” маданият саройида “Eigi Kona”, “Ship of Theseus” фильмлари ва “Family Park” савдо-кўнгилочар марказидаги кинотеатрда “Коник-горбунок”, “Майор гром” фильмлари томошабинларга тақдим этилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи Ботир Нуруллаев иштирок этиб, актёр, продюсер, кинокартина ижодкорлари ва қатнашчиларни табриклади.
Фазлиддин Рўзибоев.