Самарқандда яна иккита санаторий қурилади

Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари Бекзод Ўролбоев айтди. Унга кўра, бу йил Қўшработ ва Ургут туманларининг баҳаво тоғ ёнбағрида ишчи-хизматчиларнинг дам олишлари учун биттадан санатория қурилади. Бу мақсадларда давлатимиз томонидан 292 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Вилоят матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Б.Ўролбоев касаба уюшмаларининг меҳнат инспекциялари ходимлари томонидан кейинги уч йилда 59 та хат ва мурожаатлар ижобий ҳал этилганини қайд этди. Шунингдек, 240 нафар фуқарога меҳнатни муҳофаза қилишга оид муносабатлар юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган.

Кейинги йилларда 125 та иш ўринлари меҳнат шароитлари бўйича баҳоланиб, 699 та корхона ва ташкилотларга меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини тизимли ташкил этиш, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш мақсадида амалий ёрдам кўрсатилган. 22 нафар фуқарога соғлигига етказилган шикаст учун ойма-ой тўланиши лозим бўлган 60 миллион сўмдан зиёд товон пуллари ундириб берилган.
Ўтган йили 5600 нафар ишчи-ходимларни соғломлаштириш мақсадида 16 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланган.

Жорий йилда 6 мингдан ортиқ ишчи-ходими ва уларнинг оила аъзоларини имтиёзли равишда соғломлаштириш режалаштирилган, - дейди Бекзод Ўролбоев. - Шу мақсадда турли корхона ва ташкилотларга қарашли бўлган 15 та болалар оромгоҳлари касаба уюшмалари вилоят кенгаши қошида ташкил этилган оромгоҳлар департаментига ўтказилди. Улар ёзги мавсумга тайёрлаш учун оромгоҳлар жамғармаси ҳисобидан таъмирдан чиқарилмоқда. Жумладан, Каттақўрғон туманидаги Ибн Сино оромгоҳида 260 ўринли янги болалар дам олиш маскани қурилади. Шунингдек, Пахтачидаги “Хумор”, Самарқанд туманидаги “Алпомиш”, “Дўстлик”, “Ситора” ҳамда Ургут туманидаги бир қатор оромгоҳлар ҳам қайта таъмирдан чиқарилади. Энди мазкур оромгоҳлар фақат уч ойлик ёзги мавсумдагина эмас, балки йил давомида дам олувчиларни қабул қилувчи масканга айлантирилади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.