Санаторийларда даволаниш учун йўлланма кимларга, қандай тартибда берилади?
1 октябрдан бошлаб аҳолига санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш тартиби ўзгарди. Энди кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар олиш давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)га мурожаат қилишлари лозим.
Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолига санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш соҳасига ахборот-технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги 2021 йил 19 ноябрдаги қарори билан “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланган эди.
Янги тартибга кўра, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ёки уларнинг вакиллари давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказларига келиб мурожаат этиши ёки давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтиши мумкин.
Мурожаатга асосан электрон сўровнома тўлдирилади. Сўровномага имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (пенсия гувоҳномаси) ва тиббий маълумотнома илова қилинади. Бошқа ҳужжат талаб қилиш тақиқланади.
Йўлланма қуйидаги тоифадаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилади:
- уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилганлар;
- ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари);
- республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчилар;
- Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирганлар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолганлар;
- ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидагилар;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганлар, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;
- ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар;
- ёшга доир пенсия олувчилар.
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, уларнинг сўровномаси давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, тасдиқлангандан сўнг барча ҳужжатлар 10 дақиқа мобайнида ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга келиб тушади.
Санаторийларга йўлланмалар биринчи навбатда уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга берилади. Йўлланмалар 12 кунга, йўлланмаларнинг амал қилиш муддати бошланишидан 10 кун олдин берилади.
Агар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишни схема тарзида босқичлари билан кўрсатсак, уни тушуниш енгиллашади.
Биринчи босқич. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар йўлланма олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади.
Иккинчи босқич. Давлат хизматлари маркази сўровнома тўлдирилгандан кейин 10 дақиқа ичида уни ваколатли органга юборади. Ягона интерактив давлат хизматлари портали сўровномани ваколатли органга автоматик тарзда юборади.
Учинчи босқич. Ваколатли орган сўровнома тушганидан сўнг уни электрон реестрда қайд этади. Йўлланма бериш рад этилган тақдирда, рад этиш сабабларини тегишли Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХПга электрон тарзда юборади. Йўлланма расмийлаштирилган тақдирда, тегишли давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХПга электрон тарзда юборади.
Тўртинчи босқич. Давлат хизматлари маркази йўлланма тушганидан сўнг уни кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон манзилига юборади ва уларни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Ўзи (ёки ишончли вакили) келиб мурожаат қилганда, йўлланмани электрон ёки қоғоз шаклида беради. Йўлланма бериш рад этилган тақдирда, рад этиш сабаблари тўғрисида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни хабардор қилади.
Юқорида таъкидланганидек, ушбу янги тартиб 1 октябрдан қўлланиб келинмоқда. Фақат октябрь ойининг ўзида давлат хизматлари марказига санаторийларга йўлланма олиш учун 100 га яқин мурожаат келиб тушди.
Азиз Меликов,
Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази катта мутахассиси.