Самарқанддаги 3-туғруқхона карантиндан соғлом қайтган аёлни нега қабул қилмади?

Zarnews.uz сайти таҳририятига Самарқанд тумани, Кулбаипоён маҳалласидан фуқаро мурожаат қилди. Гап шундаки, шу йилнинг 25 март куни мурожаатчи рафиқасининг дарди келиб, Самарқанд шаҳридаги 3-туғруқхонага олиб келади. Аммо туғруқхона ходимлари уларни “карантиндан чиққан экансиз, бошқа туғруқхонага боринг”, деб қабул қилмай жўнатишган.

«Ваҳоланки, ўша пайти аёлимнинг аҳволи оғир, фарзандимиз туғилиши пайти жуда яқин эди, - дейди мурожаатчи. – Бизнинг манзилимизга шу туғруқхона жуда яқин, келин, опаларимиз асосан шу туғруқхонага мурожаат қилишади. Биз, рафиқам, ўғлим шу ойнинг бошида Кореядан келгач, Тошкентдаги Бўстон санаторийсида 14 кунлик карантинда бўлдик. Шифокорлар, «соғломсизлар, сизда ҳеч қандай касаллик аломатлари йўқ», деган маълумотнома ҳам беришди. Шунинг учун Самарқандга, оиламиз даврасига қайтиб, одатий яшаш тарзимизни давом эттирдик. Рафиқам туғруқхонага бориш вақти яқинлашгач, у ерга борганимизда, ана-мана фарзандли бўламан, деган аёлни қабул қилмаслигини қандай тушуниш мумкин? Кейин уни вилоят Перинатал марказига зудлик билан олиб боришимизга тўғри келди. Аллоҳга шукур, вақтида улгурдик. Аммо 3-туғруқхонанинг аҳолига бундай муносабатини қандай тушуниш керак? Уларнинг бундай йўл тутишга ҳаққи борми?».

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, вилоят Перинатал марказида коронавирусга чалинган беморлар учун изоляция койкалари тайёрланган.

Аммо ушбу ҳолатда аёл соғлом, унда касаллик аломатлари бўлмаган ҳолда уни қабул қилмаслик қайси қоидаларга тўғри келади? 3-туғруқхона мутасаддиларидан бу масалада жавоб кутамиз.