Самарқанддаги айрим ОТМларда бу йил бир қатор янги йўналишларда талабалар қабул қилинди
Барча таълим муассасалари каби олий таълим даргоҳларида 2024-2025 ўқув йили ҳам бошланди. Бу йил Самарқанддаги олий таълим муассасалари янги ўқув йилини қандай бошлади, деган савол барчани қизиқтиради. Уларнинг айримлари ҳақида маълумот берамиз.
2024-2025 ўқув йилида Самарқанд давлат университетида 1035 нафар талаба давлат гранти, 2274 нафари тўлов-контракт асосида жами 3309 нафар талаба ўқишга қабул қилинди. Шунингдек, университетда графика: хаттотлик ва минатюра, чолғу ижрочилиги: халқ чолғулари (зарбли чолғулар), хореография: замонавий рақс, фалсафа, филология ва тилларни ўқитиш: турк тили, сиёсатшунослик, юриспруденция, давлат ва жамият бошқаруви, метеорология ва иқлимшунослик, ахборот хавфсизлиги, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, геодезия ва геоинформатика, фундаментал тиббиёт каби янги йўналишлар очилди ҳамда талабалар қабул қилинди.
Бундан ташқари, университетда хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда халқаро қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавриат таълим шаклида психология, биология, кимё, иқтисодиёт, халқаро муносабатлар каби йўналишлар очилди.
Шунингдек, қўшма таълим дастурларининг магистратура таълим шаклида музейшунослик, тарихий-маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш, халқаро муносабатлар ва замонавий сиёсий жараёнлар, ҳужжатчилик, ҳужжатшунослик ва архившунослик каби ўндан ортиқ йўналишлар ташкил этилди.
Тиббиётда йўналишида ҳам қўшма таълим дастурлари бўйича янги йўналишлар очилди:
Янги ўқув йилидан Самарқанд давлат тиббиёт университетининг бакалавриат таълим шаклига 530 нафар талаба давлат гранти, 591 нафари тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинди.
Магистратура таълим шаклига 78 нафар талаба давлат гранти, 61 нафари тўлов-контракт асосида, клиник ординатурага 37 нафар давлат гранти, 372 нафар тўлов-контракт, 63 нафар мақсадли шартнома асосида талабаликка тавсия этилди.
Университетда 2024-2025 ўқув йилидан биотиббиёт муҳандислиги йўналиши очилди. Халқ табобати йўналишининг номи фундаментал тиббиёт (тиббий биологик иш ва халқ табобати) номига ўзгартирилди.
Бундан ташқари, университетда 2024-2025 ўқув йилидан АҚШ Вебстер университети, Полшанинг Поморск университети, Россия Федерациясининг И.Н.Улянов номидаги Чувашия давлат университети, Саратов давлат тиббиёт университети, Олтой давлат тиббиёт университети, Приволжск тадқиқот тиббиёт университети, Шинжон тиббиёт университети (Хитой Республикаси) ва Тожикистон давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда бакалавриат қўшма таълим дастури бўйича клиник психология, косметология, фармация, фундаментал тиббиёт, ҳамширалик иши, даволаш иши, стоматология, педиатрия иши каби йўналишлар очилди. Ҳамкорлик шартномасига кўра, талабалар 3+1, 2+1, 3+2 таълим дастурлари бўйича хорижий олий таълим муассасаларида ўқиш ва икки дипломли бўлиш имконига эга бўлди.
Шунингдек, университет академик ва молиявий мустақилликка эга бўлгани учун 2024-2025 ўқув йилги контракт-тўлов суммасини стипендиясиз 12 075 000 этиб белгилади. Ушбу контракт-суммаси фақат 1-курсларга тадбиқ этилади.