Самарқандда радиология соҳасида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда
Самарқанд давлат тиббиёт университетида «Нурли диагностика ва даволашни янги технологиялари» номли халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.
Халқаро анжуманда АҚШ, Германия, Япония, Австрия, Бангладеш, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни радиологлар жамиятлари вакиллари, олим ва изланувчилар иштирок этди.
Халқаро анжуманни ўтказишда янги технологияларни клиник тиббиётга жорий қилиш, янги технологияларни амалий соғлиқни сақлаш тараққиётидаги ҳиссасини, визуализациялашни беморларни даволашдаги ўрнини муҳокама қилиш каби асосий мақсадлар кўзда тутилган.
- Самарқанд давлат тиббиёт университети томонидан ўтказилаётган халқаро конференция республика ва минтақамизда нурли диагностика ва радиологияни тараққий эттириш, илмий янгиликларни клиник тиббиётга жорий қилиш, малакали тиббиёт кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда республикамиз тиббиёт олийгоҳлари ва илмий текшириш марказлари халқаро алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, - деди университет ректори Жасур Ризаев.
Ялпи мажлисдан сўнг халқаро анжуман иши бешта шўъбада давом эттирилиб, клиник тиббиётда нурли диагностикани янги технологиялари, онкологияда диагностик радиология ва нур терапияси, жароҳатлар ва шошилинч ҳолатларда нурли диагностика, тегишли мутахассисликларда нурли диагностика ҳамда ёш тадқиқотчиларни илмий-тадқиқот фаолиятини натижаларига бағишланган 100 дан зиёд маърузалар қилинди ва тегишли йўналишлардаги илмий янгиликлар соҳа мутахассислари томонидан муҳокама қилинди.
Анжуман доирасида радиологиянинг МРТ, компьютерли томография, УТТ, рентгенология ва радиотерапия йўналишлари бўйича халқаро танловлар ҳам ўтказилади. Танловларда университет бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари, клиник ординаторлари, вилоятлардан келган амалиёт шифокорлари иштирок этади. Конференция икки кун давом этади.
Самарқанд давлат тиббиёт университети ахборот хизмати.