Ҳиндистон Ташқи ишлар ва маданият вазири СамТИда бўлди
Кеча Ҳиндистон Ташқи ишлар ва маданият вазири Минакаши Лекхи хоним Самарқанд давлат тиббиёт институтига келди.
Институт ректори Жасур Ризаев учрашув чоғида юртимизда олий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар тиббиёт йўналишларида таҳсил олаётган чет эллик талабаларга ҳам мақбул шароитларни яратганини айтди.
Ташриф доирасида Минакаши Лекхи хоним ва унга ҳамроҳлик қилаётган Ҳиндистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат институтнинг халқаро таълим факультетида таҳсил олаётган 80 нафар ҳиндистонлик талабалар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Дипломат хоним ҳиндистонлик талабаларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, уларнинг Ўзбекистон шароитига мослашаётганлиги, ўқиш жараёнларидаги ютуқ ва камчиликларни шахсан ўзи кузатди.
Очиқ музокараларда Минакаши Лекхи хоним ўзининг Ўзбекистонга ташрифи шунчаки расмиятчилик учун эмас, балки давлатлараро муносабатларга янгича сифат касб этиши ҳамда ҳиндистонлик талабаларнинг Ўзбекистонда эгаллаган билимлари Ҳиндистон тиббиётида ўзини кўрсатиши муҳимлигини таъкидлади.
Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати.