Самарқанд давлат тиббиёт университетида халқаро илмий-амалий конференция бошланди
Бугун мазкур олийгоҳда «Соғлиқни сақлашда инновацион технологиялар: ички тиббиёт учун янги имкониятлар» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.
Халқаро илмий-амалий конференцияда Россия, Беларусь, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Грузия ва Ўзбекистоннинг етакчи тиббиёт олий ўқув юртлари ва илмий-текшириш марказлари раҳбарлари ва олимлари иштирок этмоқда.
Ялпи мажлисдан сўнг халқаро анжуман иши 7 та шўъба йиғилишларида давом этилади. Уларда кардиологик касалликлар диагностикаси ва даволашида инновацион технологиялар, пульмонологиянинг долзарб масалалари, гастроэнтерология, ревматология ва нефрология, эндокринология ва гематологиянинг долзарб муаммолари ҳамда ёш тадқиқотчиларнинг илмий-тадқиқот фаолияти натижаларига бағишланган 120 дан ортиқ маъруза ва тегишли йўналишлардаги ютуқлар муҳокама қилинади.
Халқаро конференция республика ва минтақамизда ички тиббиёт соҳасини ривожлантириш, фундаментал ва клиник фанларни ўқитиш сифатини янада ошириш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш ҳамда республикамиз тиббиёт олийгоҳлари ва илмий текшириш марказлари халқаро алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Самарқанд давлат тиббиёт университети ахборот хизмати.