Самарқанд давлат тиббиёт университети Малайзиянинг ОТМлари билан ҳамкорлик қилади
Мамлакатимизда ўтказилаётган “Малайзияда таълим олиш EXPO-2022” доирасида мазкур мамлакатнинг 10 та етук университетлари профессор-ўқитувчилари 2022 йил 19 май куни Самарқанд давлат тиббиёт университетида бўлди.
Шу муносабат билан Самарқанд давлат тиббиёт университетида талабалар форуми ташкил этилиб, унинг доирасида Малайзиядаги тиббий таълим ва соғлиқни сақлаш тизими тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон ёшлар ассоциацияси ҳамда “Q Study” ташкилоти ёрдамида амалга оширилди. Ташриф давомида Самарқанд давлат тиббиёт университети ва Малайзиянинг бир қатор университетлари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган бир йиллик ҳамкорлик натижасида Ўзбекистонлик ёшларга Малайзияда таълим олиш учун 100 дан ортиқ грантлар ташкил этилди. Келгусида эса Ёшлар Форуми, магистратура талабалари ва ёш изланувчилар учун конференция, вебинарлар ва бошқа лойиҳаларни биргаликда ташкиллаштиришга келишиб олинди.