Самарқанддаги IT-парк резидентлари томонидан 2023 йилда кўрсатилган хизматлар 71,6 миллиард сўмни, экспорт эса 4 миллион долларни ташкил этди
Умуман, ўтган йил давомида вилоят бўйича кўрсатилган ахборот коммуникацияси технологиялари хизматлари ҳажми 2022 йилга нисбатан 121,4 фоизга ўсган. IT-парк резидентлари сони 80 тага етган. Улар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 71,6 миллиард сўмни, экспорт хизматлари эса 4 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
80 та IT-парк резидентларининг 19 таси масофавий хизматлар экспорти, 32 таси дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, 29 таси IT таълим фаолиятлари билан шуғулланади.
Бу маълумотлар Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят бўлинмаси ташаббуси билан журналистлар учун ташкил этилган пресс-тур жараёнида маълум қилинди.
- Юртимизда рақамли технологиялар йўналиши тез суръатларда ривожланиб боряпти, - дейди Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят бўлинмаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев. - Вилоятимизда ҳам мазкур йўналишда кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва соҳада фаолият олиб бораётганлар сони ошиб бормоқда. Шунингдек, экспорт хизматлари кўрсатаётган корхоналар сони кўпайиб, ёшларнинг соҳага бўлган қизиқиши кескин ошмоқда. Айниқса, ахборот коммуникация технологияларини жадал ривожлантириш, АКТдан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, соҳа билан машғул ёшлар контингентини кўпайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Самарқанд шаҳридаги “Wepro” ўқув маркази 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, IT-парк резиденти ҳисобланади. Марказда дастурлашнинг турли йўналишлари бўйича ўқув курслари ташкил этилган.
- Дастурлаш йўналишини ўргана бошлаганимга ҳали кўп бўлгани йўқ, - дейди “Wepro” ўқув маркази тингловчиси Зиёда Жумаева. – Ўзим иқтисодчиман, лекин сўнгги вақтларда веб-дастурловчиларга талаб кучайиб бораётганлигини кўриб шу соҳани эгаллашга қарор қилдим.
Марказда 5-6 турдаги замонавий касбларга ўргатилмоқда. Аввало, тингловчилар учун компьютер саводхонлиги ва инглиз тилини билиш асосий талаблардан ҳисобланади.
- 2023 йилда инглиз тилига ўргатиш бўйича “Wespeak” ўқув маркази ҳам ташкил этдик, - дейди марказ раҳбари Алишер Мардиев. - Ўқув масканларимизда йилига 4 минг нафарга яқин аҳоли ва ёшлар замонавий касбларга ва инглиз тилига ўқитилади. Бир ойлик курсларимизни тугатган 20 дан зиёд тингловчимиз ўз иш жойларига эга бўлди.
Пресс-тур қатнашчилари “SamIT Global” IT академиясида яратилган шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишдилар.
2023 йилда қурилиши бошланган “SamIT Global” IT академиясига 3 миллион долларга яқин маблағ инвестиция қилинган. Академияда ўқувчилар ва ўқитувчиларга, шу жумладан хорижий мутахассислар учун ҳам ётоқхона қурилган.
- Бизда ўқиш ва ўрганишдан ташқари IT ҳамда масофавий хизматлар экспортини амалга оширишга қаратилган ўқув курси ҳамда ташкил этилди, - дейди “SamIT Global” академияси директори Санжар Саидқулов. – Шунингдек, барча ёшдаги аҳоли, айниқса, ёшларнинг таълим олишлари, сўнгра шу ернинг ўзида ишлаб, логистика экспорти учун хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Бу академиямиз уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун хизмат қилади.
Ёшларни АКТ соҳасига янада қизиқтириш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида жорий йилда Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят бўлинмаси кўмагида 100 га яқин Рақамли технологиялар ўқув марказлари очилиши кўзда тутилган.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.