Самарқанддаги номдор компаниялар болалар учун хайрия тадбири ташкил этди
Янги йил байрами муносабати билан вилоят ҳокимлиги, “Silk Road Samarkand” халқаро туристик маркази ҳамда “Eriell” вa “Enter Engineering” компаниялари ҳамкорлигида хайрия тадбири ташкил этилди.
Тадбирга вилоятимиздаги васийлик ва ҳомийликка олинган болалар, оилавий ҳамда “SOS” маҳалласи тарбияланувчилари, шунингдек, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, қандли диабет касаллигига чалинган болалар ва уларнинг яқинлари таклиф қилинди.
Байрам тадбирида Қорбобо, Қорқиз ҳамда турли эртаклар қаҳрамонлари иштирокидаги театрлаштирилган томошалар мурғак қалб эгаларини завқли саргузаштларга ошно этди.
– “Қорбобонинг сайёраси” номли театрлаштирилган байрам дастури нафақат мен, балки барча болаларга бир олам қувонч бағишлади, – деди Фарзона Раҳматова. – Турли танловларда иштирок этиб, рақсларга тушдик. Бу йилги байрам тадбирлари унутилмас бўлди.
Тадбир сўнгида болажонларга ташкилотчилар томонидан байрам совғалари берилди.