Самарқанддаги олийгоҳ “Oxford Conclave 2024” иштирокчиси бўлди

Жорий йил сентябрь ойининг биринчи ҳафтасида Оксфорд университети ва Баллиол коллежида халқаро миқёсда илғор тажрибага эга ва амалиётга замонавий ғояларни татбиқ этиб келаётган бир қатор олийгоҳ президент ва ректорлари учун уч кунлик учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) раҳбарияти ҳам иштирок этди. Ушбу нуфузли халқаро тадбирда Буюк Британия, АҚШ, Осиё ва Африка давлатлари вакиллари ҳам қатнашдилар. SIUT Марказий Осиё минтақаси ҳамда МДҲ давлатлари орасида ушбу анжуманнинг биринчи ва ягона аъзоси сифатида қайд этилди.

Анжуманда жаҳоннинг турли нуқталаридан ташриф буюрган университет раҳбарлари таълимнинг келажакдаги тараққиёти билан боғлиқ муҳим масалаларни биргаликда кўриб чиқдилар.
Муҳокама қилинган асосий мавзулар қаторида қуйидагиларни келтириш мумкин:
• бандликнинг ўзгарувчан табиати ва бу ўзгаришларнинг ўқув дастурлари ва муваффақиятли касбий фаолиятни ривожлантириш дастурларига таъсири;
• замонавий технологиялар, айниқса сунъий интеллектнинг мавжуд касбларга таъсири ва бу технологияларнинг келажак касбларини қайта белгилаши;
• талабаларни ўзгарувчан меҳнат бозори талабларига мослашувини таъминлаш;
• узоқ муддатли кадрлар эҳтиёжини прогноз қилиш учун иш берувчилар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш.

Тақдимотда SIUT ректори профессор Юсуф Абдуллаев ва биринчи проректор Бобби Ҳалл Ўзбекистон меҳнат бозорининг келажакдаги кадрлар талаблари, айниқса муҳандислик соҳасидаги эҳтиёжларни қондириш учун олий таълимнинг роли ва аҳамиятига алоҳида урғу беришди. Айни муаммоларни ҳал этиш юзасидан делегатларимиз томонидан киритилган таклифлар анжуман иштирокчилари томонидан тўла қўллаб-қувватланди.
Маълумот учун, 2004 йилда ташкил этилган “Oxford Conclave” дунё бўйлаб университет раҳбарларини бирлаштириб, академик ҳамкорлик ва тажриба алмашиш учун самарали платформа бўлиб хизмат қилади. Ҳар йили ўтказилаётган “Oxford Conclave” анжуманларида Нобель мукофоти лауреатлари, таниқли олимлар ва сиёсий етакчилар фаол иштирок этади.