Самарқанддаги судларда уч ойда коррупцияга оид 84 та иш кўрилди

Бу ҳақда вилоят судларининг жорий йил биринчи чоракдаги фаолияти юзасидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Самарқанд вилояти суди раиси О.Ҳайитовнинг таъкидлашича, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 113 нафар шахсга нисбатан коррупцияга оид 84 та жиноят иши, 235 нафар шахсга нисбатан 186 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб тамомланди.

Мазкур жиноят ишлари бўйича таълим соҳасидан 18 нафар, банк тизимидан 9 нафар, соғлиқни сақлаш тизимидан 7 нафар, қурилиш соҳасидан 5 нафар шахс судланган.

Кўрилган жиноят ишлари бўйича жами 10 миллиард 912 миллион 789 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланиб, 9 миллиард 486 миллион сўм миқдоридаги зарар дастлабки тергов давомида, 702 миллион сўми суд давомида ундирилган.

Жиноий қилмиш содир қилганлиги учун кўриб тамомланган ишларда 42 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган.

2022 йил биринчи чораги давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ер билан боғлиқ 14 та иш кўрилиб, коррупцияга йўл қўйган 17 нафар шахсга тегишли чора кўрилган.