Самарқанддаги тўртта спорт мактаби спорт турларига ихтисослаштирилди

Президентнинг 2024 йил 18 декабрдаги “Ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги қарорига кўра, 2025/2026 ўқув йилидан спорт мактабларини спорт турларига ихтисослаштириш амалиётини жорий этиш белгиланган эди.

Хўш, вилоятдаги қайси спорт мактаблари спорт турларига ихтисослаштирилмоқда, бу амалиёт жорий этилса, тизимда қандай ўзгаришлар бўлади? Бу ҳақда вилоят спорт бошқармаси ихтисослашган спорт мактаблари билан ишлаш шуъбаси бошлиғи, педагогика фанлари номзоди Баҳодир Бердиқуловдан жавоб олдик.

- Президент қарори асосида илк марта вилоятнинг тўртта - Самарқанд шаҳридаги 2-сон спорт мактаби футболга, Оқдарё туманидаги спорт мактаби юнон-рум кураши спорт турларига, Паст Дарғом туманидаги 2-сон спорт мактаби дзюдога ва Пахтачи туманидаги спорт мактаби бадий гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилди, - дейди Б.Бердиқулов. – Бунда спорт турлари ривожланган, шуғулланиш учун қулай шароит яратилган ҳудудлар ҳамда мамлакат ва халқаро чемпионатларда яхши натижаларни қўлга киритиб келаётган спортчи ва тренерларнинг натижаси ҳисобга олинди. Олдин спортчилар ўз ҳудудидаги спорт мактабида қайсидир спорт тури билан шуғулланиш учун шароит бўлмаса, бошқа туман ёки шаҳардаги спорт мактабида шуғулланишнинг имкони йўқ эди. Энди эса ихтисослашган спорт мактабларида 2025-2026 ўқув йилидан вилоятнинг бошқа туман (шаҳар)ларидаги спортчилар ҳам шуғулланиши мумкин.

Вилоят спорт бошқармаси масъулининг таъкидлашича, ихтисослашган спорт мактабларида спортчилар учун қулай шароит яратиш ва терма жамоага иқтидорли спортчиларни жалб қилиш мақсадида кейинги йилларда қўшимча бинолар, ётоқхона ва ошхоналар ҳам қурилиши режалаштирилмоқда.

Айтиш жоизки, айни пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий таркибига 949 нафар, захира таркибига 472 нафар самарқандлик спортчи қабул қилинган. Бу терма жамоа спортчиларининг қарийб 10 фоизини ташкил этади. Спорт мактабларини спорт турларига ихтисослаштириш амалиёти орқали шуғулланувчилар ва терма жамоа спортчилари сони янада кўпаяди. Мураббийлар ҳам ихтисослашган спорт мактабларига селекция қилинади.

Фазлиддин Рўзибоев.