Самарқандлик 4 нафар тажрибали журналист “Меҳнат фахрийси” бўлди

Аввал хабар қилганимиздек, вилоятимиздан 68 нафар нуроний “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Эътиборлиси, бу рўйхатда тўрт нафар журналист ҳам бор. Хусусан, тажрибали устоз журналистлар Норбобо Шакаров ва Тоир Долиев I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган бўлса, Тошпўлат Раҳматуллаев ва Йўлчи Муҳаммадиев II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига муносиб кўрилди.

Вилоят ҳокимлигида ўтказилган маросимда “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, унинг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Феруз Абиловлар сўзга чиқиб, фахрийларимизни эътироф билан табриклади.

Айтиш жоизки, бу гал вилоятимизнинг 34 нафар нуронийси I даражали, 23 нафари II даражали ва 11 нафари III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. ““Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тўғрисида”ги низомга мувофиқ, I ва II даражали нишон соҳиблари бир йўла тўланадиган пул мукофотига ҳам эга бўлишди.