Самарқандлик фуқаро қўли билан берган қарзни суд орқали ундирди

Қ.Турсунов судга мурожаат қилиб, 2019 йил 20 ноябрда М.Усмоновага 2019 йил 20 декабрга қадар қайтариб бериш шарти билан 1200 доллар пулни қарзга берганлигини, бироқ у шу вақтга қадар пулларини бермасдан, сарсон-саргардон қилиб келаётганлигини билдирган. Шунингдек, жавобгар ундан қарз олганлиги ҳақида ўз қўли билан тилхат ёзиб берганлигини қайд қилиб, М.Усмоновадан 1200 долларни миллий валюта - сўмга ҳисоблаб, ундириб беришни сўраган.
Суд мажлисида Х.Усмонова сўралган даъво талабини қисман тан олиб, ҳақиқатдан ҳам Қ.Турсуновдан 1200 доллар пулни қарзга олганлигини, кейинчалик 400 долларини қайтариб берганлигини баён қилган. У шароити бўлмаганлиги сабабли қолган қарзини қайтаришнинг иложи бўлмаганлигини, 800 долларни бироз муддатда қайтаришини билдирган.
Баён қилинганларни Қ.Турсунов ҳам тасдиқлаб, қолган 800 доллар қарзини ундириб беришни сўраган.
Фуқаролик кодексининг 732-моддаси талабига кўра, қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Кодексининг 733-моддаси 3-қисмига кўра, агар қарз олувчининг тилхати мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.
Кодекснинг 735-моддаси талабига кўра эса қарз олувчи олинган қарз сўммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.
Суд иш ҳолатлари ва юқоридаги қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда суд мажлиси бўлиб ўтган кунда 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 10129,56 сўмни ташкил қилишини инобатга олиб, жавобгар М.Усмоновадан даъвогар Қ.Турсуновнинг фойдасига 8 миллион 103 минг 648 сўм (800 $ x 10129,56 сўм = 8.103.648) сўм қарзни ҳамда судга даъво киритишда олдиндан тўланган давлат божи учун 456 минг сўм ва 16 минг сўм почта харажатини ундириб беришни лозим топди.
Шержаҳон ЗАЙНИДДИНОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судья катта ёрдамчиси.