Самарқандлик олим Чингиз Айтматов мeдалига сазовор бўлди
Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг биринчи проректори, таниқли турколог-олим Жўлибой Элтазаров Туркий давлатлар ташкилоти ҳузуридаги Халқаро туркий маданият ташкилоти -ТУРКСОЙ томонидан таъсис этилган Чингиз Айтматов медали билан тақдирланди.
ТУРКСОЙнинг Анқарадаги марказий офисидаги йиғинда ташкилот бошқаруви раиси ўринбосари Билал Чакижи ушбу медални Ж.Элтазаровга топширар экан, унинг туркий халқлар тили, маданияти, анъана ва қадриятларини ўрганиш ва кенг тарғиб этишдаги хизматларини эътироф этди.
Ўзбекистонлик олим дунё ва туркий адабиётнинг буюк намояндаси Чингиз Айтматов номи билан аталувчи ушбу медалга туркий тил, маданият ва санъатни чет элларда тарғиб қилиш ҳамда туркий халқлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдаги хизматлари учун тақдирланди.