Самарқандлик талабалар Россиядаги илмий анжуманда муваффақият қозонди

Яқинда Россия болалар жарроҳлари уюшмаси томонидан Ярославл давлат тиббиёт университетида ўтказилган болалар жарроҳлари симпозиуми ва 31-талабалар илмий конференциясида Самарқанд давлат тиббиёт университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳам иштирок этди.
“Болаларда гастростома ва ичак стомаси” мавзуида ўтказилган бу йилги болалар жарроҳлари симпозиумида Самарқанд давлат тиббиёт университети дипломдан кейинги таълим факултети болалар хирургияси, анестезиология ва реанимация кафедраси мудири, университет ихтисослашган болалар жарроҳлик клиникаси бош врачи, профессор Ж.Шамсиев ва 1-болалар хирургияси кафедраси мудири, профессор Ш.Юсупов ўз илмий изланишлари натижалари бўйича маъруза қилдилар.
Ўттиздан ортиқ илмий маъруза тақдим этилган анжуманда самарқандлик олимларнинг чиқиши иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, болалар жарроҳлиги, анестезиологияси ва реанимациясининг долзарб масалаларига бағишланган 31-Россия талабалар конференсиясида беш мамлакат вакиллари қаторида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг 12 нафар талабаси иштирок этди.
Улар, айниқса, чақалоқлар жарроҳлиги, болалар хирургиясининг алоҳида масалалари, йирингли жарроҳлик ва проктология, кўкрак қафаси хирургияси секцияларида фаол қатнашди. Талабалар ишининг илмий савияси таниқли олимлар, болалар жарроҳлиги бўйича етакчи мутахассислардан иборат ҳакамлар томонидан баҳоланди. Самарқанд давлат тиббиёт университетининг 1-сон болалар хирургияси кафедраси талабалари илмий тўгараги 45 та тўгарак ўртасида умумжамоа ҳисобида етакчи бўлиб, I даражали диплом ва олтин медал билан тақдирланди. Самарқандлик талабаларнинг 3 нафари конференциянинг биринчи даражали, 3 нафари иккинчи даражали ва 6 нафари учинчи даражали дипломлари билан тақдирланди ва
– 1985 йилда профессор Азамат Шамсиев томонидан ташкил этилган Самарқанд давлат тиббиёт университети 1-болалар хирургияси кафедраси талабалари илмий тўгараги вакиллари Россия ва бошқа давлатларда болалар жарроҳлиги бўйича талабалар илмий анжуманларида мунтазам иштирок этиб келмоқда, – дейди университет ихтисослашган болалар жарроҳлик клиникаси бош врачи, профессор Ж.Шамсиев – Жумладан, Россия талабалар илмий анжуманларида талабаларимиз шу пайтгача 38 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медали билан тақдирланган. Бу юртимиз олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳамда университет ва клиникамизда мавжуд илмий салоҳият, таълим ва амалиёт уйғунлигида олиб борилаётган изланишларимиз самарасидир.