Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик хусусий тадбиркор қўшнисини ўлдириш учун қотил ёллади

Аниқланишича, 2017 йил августда икки ўртада жанжал бўлиб ўтган ва қўшнига суд ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жазо тайинланган. Орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, қўшнисига нисбатан нафрати ошган тадбиркор ундан қасд олиш мақсадида одам ўлдиришга мойил шахсни ёллаб, уни қасддан ўлдириш режасини тузган.

У бунинг учун Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) ва бошқа моддалари билан судланиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазони ўтаган танишидан ёлланма қотил топиб беришни сўрайди. Аввалига рози бўлмаган йигит танишининг нияти жиддийлигини билгач, рози бўлади. Лекин содир бўлиши мумкин бўлган жиноятнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беради.

Из қолдирмаслик мақсадида ёлланма қотиллар билан таниши орқали гаплашишни режа қилган тадбиркорнинг қинғир режаси якунига етмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари тезкор тадбири бунга йўл қўймади. Қўшни эркак грим ёрдамида қотиллик оқибатида ўлдирилганлигини тасдиқловчи фотосуратларни тайёрлайди. Фотосуратларда қўшнисининг ўлганини кўрган тадбиркор ёлланма қотил учун келишилган маблағнинг ярмини танишига бераётганда тезкор ходимлар томонидан қўлга олинади.

Турли важлар билан жиноий жавобгарликдан қутулиб қолишни ўйлаган тадбиркор йигит қилмиши ҳамда тўпланган далиллар билан исботланган, деб топилди.

Унга иштирокчиликда одам ўлдиришга суиқасд қилгани учун 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Абдуҳаким Олтибоев,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раисининг ўринбосари.