Самарқандликлар бой-да!..

Шундай киноя билан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеони аввал ҳам кўргандингиз, яна кўряпсиз. Самарқанд ўрнига бошқа вилоят қўйиб изласангиз ҳам тўйда пул сочаётган “бойвачча”лар ҳақидаги ўнлаб лавҳалар чиқади. Нега?
Улар эски ёки бошқа деган эътирозга шошилманг. Чунки бу сохта обрў учун, одамлар олдида пулдор кўриниш учун турли қилиқлар ўйлаб топиш иллати ҳамон жамиятимизни тарк этмаётганини яхши биласиз. Ва табиийки, кўпчилигимиз бунга ич-ичимиздан қаршимиз, лекин нега ундан батамом қутула олмаяпмиз?
“Келинни келганда кўр, сепини ёйганда..”
Аслида мана шу эмасми бизни бадном қиладиган иллат?
Коронавирус авж олган маҳал қандай ўзгаришлар кўрина бошлаганди. Аммо кейинги пайтларда ўзбеклар "тўй учун яшайди" ибораси нақадар ҳақиқатлиги яна бир бор исботланди. Чунки яна ўша исрофгарчилик, яна ўша бир кунлик ҳашамат ортидан қувиш...
Ҳаммаси ўз йўлига, аммо тўйлардаги осмонга пул сочиш одати яна бошдан авжига чиқиб бормоқда. Савол туғилади, ортиқча бойлик ва обрўни ошириш сифатида кўрилаётган бундай ишларнинг моҳиятида аслида билимсизлик ва тарбиядаги нуқсонлар ётгани йўқми? Уларни ўзимиз, сизу биз шакллантирмадикми?
Модомики, қарс икки қўлдан чиқар экан, тўйлардаги пул сочиш сингари ажабтовур қилиқларда ҳам ҳар биримизнинг айбимиз бор. Жумладан, санъаткорлар катта роль ўйнашига Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов билан боғлиқ бир воқеа яққол исбот бўлади.
Пойтахтдаги муҳташам тўйхоналардан бирига таклиф этилган устоз хонанда бир қўшиқ айтиб, иккинчисига ўтганда, бойвачча куёв жўралар унинг устидан пул сочмоқчи бўлишади. Шунда ҳофиз куйлашдан тўхтаб, йигитларга икки оғиз танбеҳ берган.
Шу билан олам гулистон. Ҳеч ким пул ҳам сочмаган, бойлигини ҳам кўз-кўз қилмаган...
Энди, ўйлаб кўринг, халқимизнинг минг-минг йиллар оша сайқал топиб келаётган қадриятларини айбситишга, камситишга, ҳақоратлашга ҳақимиз-ҳуқуқимиз борми? Нега жимсиз ёки бошқа фикрдамисиз?!
Энг юқори минбарга кўз тикканмиз (ми?)
Ҳа, ҳамма нарсада охирги гапни биринчи раҳбарлардан, аксарият ҳолларда давлат раҳбаридан эшитишга одатланиб қолгандаймиз. Ҳарҳолда давримизнинг воқеликлари шунга далолат бермоқда.
Мисол учун, тўйлар масаласида ҳам Президент чиқиб, эътироз билдиргач, маърака ва маросимларни ихчам, камчиқим қилиб ўтказишга киришилди. Тўғри, бунда жиддий ўрганишлар ўтказилди, жамоатчиликнинг фикри олинди. Якунда парламент палаталарининг кўпчиликка маъқул келадиган, қонун кучига эга қўшма қарори қабул қилинди.
Шу орада коронавирус эпидемияси бошланиб, карантин чекловлари эълон қилинди. Табиийки, тўй ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказишда парламент белгилаган талабларга ихтиёрий тарзда амал қилинди. Балки шу сабаблими, ҳужжат ижросини назорат қилиш, унда кўзда тутилган навбатдаги масалаларни ҳал қилиш эътибордан четда қолди.
Аммо бугунги воқелик ушбу ҳужжатга яна бир қур назар ташлаш, шу билан бирга, тадбирларимизда маънавият масаласини ҳам чуқур ўйлаб кўришни тақозо қилмоқда.
Чунки яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган мана бу хабарнинг ўзиёқ юқорида айтилганидек, яна “босар-тусар”имизни билмай қолаётганимизни кўрсатмоқда: “Давлатимиз рамзлари туширилган пуллар иркитларни оёғини остида ётибди. Самарқанддаги "Bassiani" тунги клубида бўлган ҳолат”.
Ўзи шу вақтгача давлат рамзлари қаторида айтиладиган миллий валютани намойишкорона оёқости қилиш, сочиш, ёқиш ва ҳоказоларга қарши кўп гапирилди. Бироқ бу борада ҳам юқорида минбардан топшириқ кутиляпти, шекилли. Агар шундай бўлмаганида ўзбек сўмини бу тарзда қадрсизлашларга нисбатан қатъий чоралар белгиланган бўлармиди?
Ҳар турли ҳолатларда жарима белгилашга "уста" қонун ижодкорлари нега "пулдор"ларнинг хатти-ҳаракатларини тартибга солишга иштиёқи йўқлиги тушунарсиз.
Ўзингиз билинг!
Албатта, хулоса қилиш ҳар кимнинг иши. Аммо https://savollar.islom.uz сайтида эълон қилинган қуйидаги савол-жавобни келтириш ўринли, бизнингча:
“Ассалому алайкум! Тўйларда пул сочиш ёки уни ўша ерда рақсга тушаётганларга бериш ҳаромми?
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Ҳа, чунки бу ҳаром ишни олқишлаш бўлади. Гуноҳга рози бўлиш гуноҳ, гуноҳни олқишлаш эса янада қаттиқроқ”.
Ё.Марқаев.