Самарқандни нечун севар у?

Назиржон Назаров қўқонлик таниқли зиёлилардан. Адабиётшунос олим, шоир, бастакор ўз вақтида «Аста қиёлаб ўтди», «Дерман», «Дилнавоз», «Донолигини айтай», «Эй, сабо», «Жонон, кўриб жамолинг», «Ўйнаганда», «Ой жамолим» каби ашулалари билан эл оғзига тушган. Хонанда таҳририятимизга Самарқанд мадҳида туркум шеърларини йўллади. Уни сиз билан баҳам кўришни истадик.

 

Самарқанд

Дилга сиғмас ҳайрат билан

Ҳузурингга учаман.

Зарафшонга лабим босиб,

Тупроғингни қучаман.

 

Кўз олдимдан ўтар бир-бир,

Ўтмишимиз торлари.

Ёмон кўздан асрагувчи,

Кўзмунчоқ туморлари.

 

Нафаслари қулоғимга,

Оқиб келар наводай.

Илҳом берар роҳатижон,

Майин эсган сабодай.

 

Ал-Бухорий, Мотрудий

Иймонимиз таянчи.

Адашганга йўлчи юлдуз,

Миллатимиз қувончи.

 

Юлдузларинг қучоғида

Порлаб турар зўр олим.

Неча-неча алломани

Лол қолдирган муаллим.

 

Улар тенгсиз ақлимизни

Исбот қилиб ўтдилар.

Лекин, қанча армонлардан

Тилин тишлаб кетдилар.

 

Эшитмади дардларини,

На қозию ҳукумдор.

Машрабларнинг сўзларига

«Қулоқ тутди» охир дор…

 

…Қилмасин не-не қабоҳат,

Йўқолмади уруғлар.

Қаранг, Аллоҳ иноятин,

Яна чиқди улуғлар.

 

Улуғ Турсун, Раҳматулло,

Бозорбою Зарифжон.

Воҳид Абдулло, Суюнбек,

Илмига қойил жаҳон.

 

Дилга сиғмас ҳайрат билан

Ҳузурингга учаман.

Зарафшонга лабим босиб,

Тупроғингни қучаман.

 

Эй, Самарқанд, юртим кўрки,

Ўзлигимсан – ўзимсан.

Таърифингга йиллар излаб,

Тополмаган сўзимсан.

 

Шарқ таронаси

Булбулжон, сайрашни тарк этгин бироз,

Кел, тушгин ёнимга, жўр бўлгин сен ҳам.

Куйлар таралмоқда бутун оламга,

Ғафлатда қолсанг гар сўнг қилар алам.

 

Тўхта! Сўзин сира эшитмаганди…

Мағрур юрар эди у овозидан.

Бунга ҳам бор эди сабаблар қатор,

Бемор тузаларди дилбар созидан.

 

Куй авжи эшилиб чиқди самога,

Қулоққа айланди бутун мавжудод.

Гўзаллашиб кетди кекса Регистон,

Эркинлик бахтига эришган ҳаёт.

 

Ҳақиқат. Бугунги «Шарқ таронаси»,

Баҳсда тортишиб булбулдан ўтди.

Булбул қойил қолиб, қуллуқ қилди-ю,

Унинг қўшиғига қўшилиб кетди.

 

Сўрайман узр

Қачон юрсам Бухоро томон,

Бир шаҳар бор, кириб ўтаман.

Қайтганимда қиёлаб ўтмай,

Яна бир бор кўриб қайтаман.

 

Томирлари етти қават ер,

Туб-тубига бориб қадалган.

Минорларнинг фалакда боши,

Дунё кўзин ҳайратга солган.

 

Қанча-қанча замонлар ўтди,

Ажин тушмас гулдек юзига.

Кеча-кундуз чарақлаб турган,

Такрори йўқ ойнинг қизига.

 

Унга ошиқ фақат мен эмас,

Ағёрларим минг-минг, саноқсиз.

Рашким келар кўпайган сари,

Бирор оғиз мендан сўроқсиз.

 

Самарқандим, сўрайман узр,

Ҳазил қилдим. Лекин, орим бор.

Ишқ йўлидан қайтмайман сира,

Ортда қолмас Бойчиборим бор.

 

Қачон юрсам Бухоро томон,

Бир шаҳар бор, кириб ўтаман.

Қайтганимда қиёлаб ўтмай,

Яна бир бор кўриб қайтаман.

 

Самарқанд ҳавоси

Ўхшаши йўқ муаттар ҳаво,

Куйламасам йўқдир иложим.

Қучоғимга босгим келади,

Лекин, етмас унга қулочим.

 

Симираман, тўймайман асло,

Даштда чанқаб қолган одамдай.

Кўп замонлар юртдан айрилиб,

Пушмон билан қайтган қадамдай.

 

Бу ҳавонинг жисмида не бор?

Жавобига бўлгандим гадо.

«Улуғларнинг нафаси», деган,

Қулоғимга келди бир садо.

 

Чидолмайман қонмасам ҳар кун,

Булут тўсса қийналар қуёш.

Мен дардимни тупроққа айтсам,

Қаршимизда йиғлаб турар тош.

 

Кўргони келдим

Самарқанд, мен сени кўргони келдим,

Кўчангда сайр этиб юргони келдим.

Гўзаллик гаштини сургони келдим,

Дўстлар билан суҳбат қургони келдим.

 

Юлдузлар ердами ёки осмонда?

Шоирлар куйлайди мадҳинг достонда,

Юзинг тиниқлиги таърифи нонда,

Таълим-ла қошингда тургони келдим.

 

Қаддингга қарасам кўзим қамашар,

Бу каби сайқални кўрмаган башар,

Мақтовинг эшитган етгунча шошар,

Хушбўй гулларингдан тергони келдим.

 

Фарзандларинг доно, нафаси тоза,

Булбуллар олганми ундан андоза,

Қачон келсам кутар очиқ дарвоза,

Бер деса жонимни бергони келдим.

 

Таомларинг таъми тилимда қолган,

Меҳринг илиқлиги дилимда қолган,

Қалбинг оловлиги қўлимда қолган,

«Меҳрдод» ошидан ургони келдим.

 

Қизларинг кўркига жоним тасаддуқ,

Изладим қиёсин еру кўкда йўқ,

Киприги кўксимга тегди мисли ўқ,

Бирин Қўқонжонга бургони келдим.

 

Армон

Темур бул фанодан бақога кетди,

Хомуш бўлиб қолди яратган боғи.

Тупроғи совимай ҳали қабрининг,

Йиқилди кўк узра тиккан байроғи.

 

Майдаланиб кетди умрин ҳосили,

Беклар бир-бирига отини солди.

Қонхўр қиличлару найза остида

Кўзини очмаган орзулар қолди.

 

Еру кўк кул бўлди тўплар зарбидан,

Замин қучоғига сиғмади фарёд.

Осмон кипригидан дарёлар оқди,

Фалакда чақмоқлар уввос солди, дод.

 

Керак бўлиб қолди фидойи инсон,

Халойиқ муножот қилди Худога.

Азобин бермагин, ўзингга осон,

Дедилар, - оромсиз, бахтдан жудога?

 

Бобур қулоғида жаранглар садо,

- Тур, ўғлим, ўрнингдан, бўлмагин лоқайд.

Нега ўйламайсан, бўлинди Давлат,

Бобонг саволига жавобингни айт.

 

Бирдан чўчиб бошини кўтарди Шерзод,

Бир сиқим тупроқни кафтига олди.

Кўзига суртди-ю, белига боғлаб,

Саманин Самарқанд йўлига солди.

 

Курашди… Неча бор. Енгди… Енгилди…

Ваъдага вафосин қилолмади ҳал.

Юракда армони – Ҳинд сари юрди,

Не қилсин, битганди тақдири азал.

 

Ким қарши борарди Ҳақ қарорига,

Йўқса ётармиди Афғонистонда.

Ўзига қолганда ўқилар эди,

Жаноза туғилиб ўсган маконда.

 

Дунё кўрмади ҳеч ҳозирга қадар,

Бобурдек жаҳонгир қутлуқ қадамни.

Бобуршоҳ нур эди. Тарих билганмас,

Нурга тупроқ тортиб кўмган одамни.

Назиржон НАЗАРОВ,

филология фанлари доктори, доцент.