Самарқанднинг 40 дан ортиқ ҳудудида Wi-Fi қурилмалари ўрнатилади

Аксарият вилоятимизнинг тарихий масканлари, бозор ва бекатларда Wi-Fi тармоғидан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлишини исташи шубҳасиз. Кейинги вақтларда аҳолининг бу эҳтиёжи босқичма-босқич таъминланяпти. Яъни, вилоятимизнинг 13 та объекти атрофида бепул Wi-Fi ҳудудлари ташкил этилди.

– 2018 йил 16 мартда Президентимизнинг “2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида туризмни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди, – дейди Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси А.Раҳмонов. – Унга мувофиқ вилоятда Wi-Fi тармоғига бепул уланиш нуқталари, жумладан, автобекатлар, аэропорт, вокзал ва туризм объектлари рўйхати шакллантирилди. Шу асосда Регистон майдони, Самарқанд халқаро аэропорти, Темирйўл вокзали, Ҳазрати Хизр мажмуаси, «Афросиёб» музейи, Амир Темур мақбараси, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Шоҳи Зинда мажмуаси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Бибихоним мадрасаси, Сиёб деҳқон бозори, Мирзо Улуғбек автошохбекати ҳамда Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси атрофида бепул ва пулли Wi-Fi ҳудудлари ташкил этилди.

Мазкур ҳудудларда фойдаланувчи бепул тармоқни танласа, унга 30 секундли реклама ролиги кўрсатилади. Ушбу роликни кўриб бўлгандан сўнг бепул интернет тармоғидан фойдаланиши мумкин. Унинг интернетга уланиш тезлиги 1 Мбит/с гача бўлади. Аксинча, фойдаланувчи пулли интернетга уланмоқчи бўлса, унга интернет тармоғидан фойдаланиш давомийлиги, вақти таклиф этилади. Масалан, 1 соат учун 1000, 3 соат учун 2000, 9 соатга 4000, 24 соатга эса 6000 сўм ва 1 ҳафта давомида фойдаланиш учун 24000 сўм тўлаши керак. Бунда ўзига керакли тарифни танлаб, тўловни Click ёки Payme тизимлари орқали амалга оширади ва интернет тармоғига уланади. Тармоққа уланиш тезлиги 10 Мбит/с гача бўлади.

– Тез-тез Регистон майдонида чет эллик меҳмонлар билан суҳбатлашиб тураман, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси Фазлиддин Водитов. – Аксарият ҳолларда уларга тўғри ахборотларни етказиш, шаҳримизнинг тарихий қадамжоларини кўрсатиш ва бошқа маълумотларни юклаб олиш учун интернет тармоғидан фойдаланишга тўғри келади. Бу ерда ўрнатилган бепул Wi-Fi тармоғи нафақат маҳаллий сайёҳларнинг, балки хорижлик туристларнинг ҳам мушкулини осон қиляпти.

Маълумотларга кўра, Wi-Fi ҳудудлари ташкил этилган жойларга 42 та қурилма ўрнатилган. Ҳар бир қурилма 50 метр радиусни интернет тармоғи билан таъминлайди. Ушбу ҳудудларда Wi-Fi тармоғини ташкил этиш учун 10 километрга яқин оптик толали алоқа линияси тортилган. Жорий йилнинг сўнгига қадар вилоятнинг 40 дан ортиқ ҳудудларида Wi-Fi қурилмаларининг ўрнатилиши режалаштирилган.

Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.