Булунғурликлар уйларига WI-FI ўтказа оладими?

«Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг Булунғур туман телекоммуникация боғланмаси мутахассислари икки йилдан буён оптик толали алоқа тармоқлари тортиб, аҳолини интернет алоқаси билан таъминлаб келяпти. Аммо туманнинг ҳамма жойида интернет яхши ишлайди, деб бўладими?

Бугунги кунда туманда Япония халқаро тараққиёт банки (JBIC)нинг молиявий ёрдами билан магистраль тармоқлар кенгайтирилиб, юқори кучланишли JPON электрон тизими қурилмалари ҳам ўрнатилмоқда.

Боғланма мутахассислари томонидан туман ҳудудида 120 километр кабель тортилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 80 километр масофага оптик тола тармоғи ўтказилди. Туман марказида 4 та, шунингдек, Килдон, Мингчинор, Ниёзмат, Чўянтепа каби маҳаллаларда 12 та JPON алоқа станциялари ишлаб турибди. Натижада 4,5 мингдан зиёд абонент замонавий телекоммуникация алоқа тармоғидан фойдаланмоқда. Ўтган йили беш юздан ортиқ хонадонга оптик толали тизим тортилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида 250-300 хонадон қамраб олинди. Жумладан, йил бошидан Хўжамазгил, Авлиё Парпи маҳаллалари аҳолиси ҳам замонавий интернет хизматидан фойдаланиш имконига эга бўлди. Мазкур маҳаллаларда жойлашган мактаб, боғча ҳамда ҚВПга телефон тармоғи тортилиб, монтаж ишлари олиб борилмоқда.

- Айни пайтда аҳоли хонадонлари билан бир қаторда ижтимоий соҳа объектларига ҳам замонавий алоқа тармоқлари тортилмоқда, - дейди туман телекоммуникация боғланмаси бошлиғи Илҳом Маматқулов. – Аслида режа бўйича уларни ўтган йили тугатишимиз керак эди, бироқ пандемия сабабли ишларни якунлашга улгурмадик. Ҳозиргача 65 та умумий ўрта таълим мактабининг 46 тасида монтаж ишлари якунланиб, 29 та мактаб ўқувчилари интернетдан фойдаланмоқда. Шунингдек, тумандаги 55 та маҳалланинг 23 тасида, 20 та тиббиёт муассасасидан 13 тасида ҳамда 28 та мактабгача таълим ташкилоти туман марказий станцияси орқали замонавий алоқа тизимига уланди. Жорий йилнинг июнь ойигача барча ижтимоий соҳа объектлари тўлиқ замонавий алоқа тармоқлари билан қамраб олинади.

256 абонентга мўлжалланган янги станциялардан бири Килдон маҳалласида ўрнатилган бўлиб, аҳолига пуллик хизмат кўрсатиб келмоқда. Ҳар бир мижоз ўзи хоҳлаган тариф эвазига мазкур станцияга уланиши мумкин. Йилнинг иккинчи чорагида яна ўнга яқин маҳаллага оптик толали алоқа линияси тортиш мўлжалланган бўлиб, юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш мақсадида яна 20 километр узунликдаги ана шундай алоқа тармоғи ўтказилади. Натижада 1000 дан зиёд хонадон мазкур хизматдан фойдаланиши мумкин. Кенг полосали симли интернетга уланишни яхшилаш учун қўшимча портлар ўрнатилади. Шунингдек, Соҳибкор, Чангал-1, Ғубдин, Булунғурариқ маҳаллаларида 5 та замонавий станциялар ўрнатиш режалаштирилган.

Кейинги икки йилда туман ҳудудида ўндан ортиқ мобил алоқа тармоқларининг янги базавий станциялари ўрнатилади. Бунда асосий эътибор олис аҳоли пунктларига қаратилади ва бу йили кенг полосали мобил интернет қамрови 85 фоизгача кўтарилади.

Боғланманинг тўрт нафар мутахассисдан иборат бригадаси кунига 2 километр масофага оптик алоқа кабелларини тортиб, аҳоли хонадонларини марказий станцияга улаб келмоқда.

- Туман марказидан қарийб икки километр масофага 96 толали, шунингдек, Гулзор ва Мингчинор маҳаллалари оралаб 4 километр масофага 48 толали оптик кабель тортилди, - дейди туман коммуникация боғланмасининг етакчи муҳандиси Эгамберди Турдиев. – Мазкур маҳаллалар аҳолиси ҳам йил якунигача телефон, интернет ва IPTV каби замонавий телекоммуникация хизматларидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Бир неча йил ичида телекоммуникация тармоқларининг ўтказувчанлик имкониятини ошириш орқали аҳолига ўртача 10 дан 100 Мбит/с. гача, корхона ва ташкилотларга эса 100 дан 1000 Мбит/с. гача уланиш тезлигини тақдим этиш бўйича қатор чоралар кўрилади. 2030 йилгача тумандаги барча аҳоли пунктлари ва корхона-ташкилотлар қамраб олинади.

- Кўчамизга янги оптик тармоқ тортилганига анча бўлди, - дейди Булунғур тумани марказида яшовчи Ирода Раҳимова. – Қўшниларимиз ундан фойдаланиб келмоқда. Мен ҳам уйимга WI-FI ўтказиш учун ариза берганимга кўп бўлди. Ҳар сафар янги ускуналар йўқ, деб рад жавобини беришади.

Туман марказидаги Ўзбекистон кўчасида яшовчи З.Шералиевнинг айтишича, ўтган йили уйига оптик толали кабель ўтказилиб, телефон ва интернет тармоқларига уланган бўлса-да, тез-тез ишламай қоларкан.

Корхонада аҳоли мурожаатлари билан ишлаш кўнгилдагидек эмас. Уларни рўйхатга олиш дафтари тўлиқ тўлдирилмаган.

- Ўтган йил давомида фуқаролардан 98 та мурожаат қабул қилинган бўлиб, уларнинг барчаси ижобий ҳал қилинди, - дейди боғланманинг мурожаатлар билан ишловчи мутахассиси Гўзал Қўчқорова. - Сўнгги икки ойда 42 та мурожаат тушди. Уларнинг аксариятини интернетга уланиш, алоқа сифатининг ёмонлиги ҳамда эски ускуна ўрнига янгисини ўрнатиб беришларини хоҳловчилар ташкил этади.

Бироқ кунига 20 дан зиёд фуқаро шикоят билан келадиган ташкилотга март ойининг дастлабки 10 кунлигида бор-йўғи 4 та мурожаат бўлганлигини нима билан изоҳлаш керак? Ёки вилоят ва туман ҳокимига телефон алоқасининг пастлиги, тизимдаги камчиликлар ҳақидаги шикоятлар камми? Бу борада мутасаддилар эътиборлироқ бўлса, яхши бўларди.

Дилмурод Тўхтаев.