Самарқанднинг руҳий бекатлари
Аллоҳ фазл ато этган жойлар ер юзининг кўрки ҳисобланади. Моддий ва маънавий баракоти билан ҳавас уйғотади. Хилма-хил бойликлари, ер унуми ва халқ фаровонлигига, аҳли донишлари намунаси инсон камолотига сабаб бўлади. Бундай маъмур ўлкалар руҳий тарбия ва таълим бўларлик муқаддасликка эга. Улар мозийлар оша кўнгил дунёсининг нуфузи ва нақши бўлиб келаётган азиз авлиёлар, уламоларнинг сўнгги манзиллари сифатида ҳам қадрлидир.
Қадим Самарқанд мана шундай масканлардан бўлиб, ҳар қаричи табаррук. Чунки бу маъвода ўтган мўътабар зотларнинг юзлаб зиёратгоҳ қабр ва қадамжолари бор. Улар жумласига пайғамбарлар, саҳобийлар, тобеинлар, табъа тобеинлар, қутблар, ғавслар, аъзамлар, машойихлар, пирлар, дарвеш ва қаландарлар нисбат берилган зиёратгоҳларни киритиш мумкин.
Қадим ҳикматлардан бирида: “Бирор мамлакатга йўлинг тушса, мозори билан бозорини кўр“ дейилади. Мозорни кўрмоқдан мурод шу халқнинг ўтган донишманд ва фозилларига, тарихига муносабатини кузатишдир. Зеро, ўзлигини англаган, ўтмишини, аждодларини унутмаган халқ тафаккурли бўлади.
Қабр аҳли барча моддий эҳтиёжлардан холи. Яъни, “Вақтики, одам боласи ўлса, унинг уч нарсадан бошқа амали кесилади: Садақаи жория, унга дуо қиладиган солиҳ фарзанд ва ундан кейин манфаат олиниб туриладиган илм”, деганлар. (Муслим ривоят қилган). Ҳаёт чоғларида амалга оширган хайрли ишларидан ибрат олинса хотираларда бардавом яшаб миллий тимсолга айланади.
Бу манзиллар меросларидан ҳосил бўлган самара кўнгилга қувват, ниятга мадад, умидга таянч бўлади. Шунинг учун ҳам барча даврларда оқил ва фозил зотлар, доно ҳукмдорлар уларнинг қабрларини дуо ва садақалари билан зиёрат ва обод этишни муқаддас билганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қабр аҳлини зиёрат қилишдаги дуодан етадиган манфаатни ҳадисларида айтиб ўтганлар.
Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ида келтирилишича, Оиша онамиз розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қабр аҳлларига истиғфор айтсангиз нима дейсиз?” деб сўраганларида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ассалому алайкум, эй мўъмин ва мусулмонлар диёри аҳли. Аллоҳ биздан ва сиздан олдин ўтганларнию кейин қолганларни раҳим қилсин. Ва албатта, биз ҳам сизларга келиб қўшиламиз”, деб жавоб берганлар.
Ўтган азиз зотларга дуо ва эҳтиромлар бардавомлиги ҳам юқоридагилар сабабидан бўлиб, ҳақларига тазкиралар битилган. Бу асарларга нисбатан турлича қарашлар мавжудлигини унутмаган ҳолда тарихий қиймати сабабидан мушоҳадангизга улардан иқтибослар келтирамиз. Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорий Мўъин ал-Фуқаронинг (XIV-XV аср) «Тарихи Муллазода» китобидан олинган қуйидаги кўчирма бу борада айрим саволларга жавоб бўлади: «Кашф ва аён аҳлидан бўлган баъзи кишилар айтишларича, агар (зиёрат қилувчи) кишилар бирор бир азиз ёки улуғ турбатига етишса ва ўша бузург шу жойда дафн этилган деб ишонч ҳосил қилса, ҳақиқатда бундай бўлмаса-да, ўша бузургнинг файзи ва мадади унинг камол тариқига нуқсонсиз етказади, чунки руҳлар оламида яқинлик ва узоқ (бўлиш) тушунчаси йўқдир» (31-бет).
Бу нуқтаи назар аҳли қабрдан ҳожат сўраш деган гап эмас. Мазмунда руҳоният истеъфода этиляпти. Аниқроғи, ўша бузургнинг файзи ва мадади унинг камол тариқига нуқсонсиз етказиши, йўли, илми, тақвоси амалига ихлосдан, ҳавасдан, муҳаббатдан ҳосиладир. Зиёратлар мазмунида ҳам мана шу мақсад бўлмоғи керак.
Қандай эҳтиёж ва талабдан қадамжолар (рамзий қабрлар) пайдо бўлганига доир тарих ёки қайдлар манбаларда учрамайди (масалан, Ҳазрати Дониёр а.с.). Бу қабрлар тарихий хотирага айланган. Миллий ва маънавий қадриятнинг руҳоний бекати даражасини олган. Шунинг учун ҳам қадрланиб, эъзозланади.
Зиёрат этилувчи зотлардан баъзилари жисмонан диёримизга келмаган бўлсалар-да, руҳониятлари билан қўним топганлар. Шу сабабли аҳли ихлоснинг кўнглидан ўрин олган. Қабрлари шу нуқтаи назардан эслаб туриш ва эслатиб туриш мақсадида тикланган. Бу йиллар ўтиши билан авлоддан авлодга мерос ўтган.
Шу ўринда бир мулоҳазага эҳтиёж бор. Ҳазрат Али (р.а.)га нисбат берилган қадамжо ва мозорлар кўплаб диёрларда учрайди. Жумладан, Навоий вилояти, Нурота тумани Ғозғон қўрғонида ҳам шундай муборак жой мавжуд. Бу маскан “Ҳазрати Шоҳимардон” деб аталади. Зиёратгоҳнинг бунёд бўлиши билан боғлиқ тарих мавжуд эмас, аммо бу маскан халқнинг ҳурмати, муҳаббати ва ихлосидан зиёда муқаддас билинади. Ҳазрат Абдураҳмон Жомийдан бу хусусда, яъни Ҳазрат Али (р.а.)нинг қабрлари ҳақида сўралганида бежиз бу жавобни айтмаган:
Гўянд қабри Али дар Нажафаст,
Биё бу бин дар Балх чи байту шарафаст.
Жомий на Адан гўй, на байнал жабалайин
Хуршеди якию нури ў ҳар тараф аст.
Мазмуни: Алининг (р.а.) қабрини Нажафда деб айтадилар. Кўриб ишонч ҳосил этки, У Балхда ҳам беқиёс шарафланади. Эй Жомий, сен унинг қабрини Аданда ёки икки тоғ орасида деб ҳукмлама, У – қуёш, қуёш эса барча жойда нур таратади.
Ҳазрати Жомийнинг ушбу пурмаъно сатрлари барча саволларнинг одил жавобидир. Зиёратгоҳларга муносабатларда турли фикрлар бор. Мақсадимиз бирларини ёқлаб, бирларини инкор этиш эмас.
Қадамжо ва рамзий қабр тушунчалари маълум даврда шаклланиб, ўзаро бир-бирини тўлдиради. Қадамжо “қадам етган жой” деб тушунилади. Рамзий (қабр) – арабча рамз (белги ишора) сўзидан ҳосил бўлган. Ўзбек тилининг этимологик луғатига кўра «ишора қилиб турувчи» маъносини англатади. Яъни, умумий тушунчада ҳурмат ишораси, белгиси сифатида ўзлаштирилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу мазмун ва тушунчалар азизланган инсонларга мансуб деб билинган қабрларгагина хос бўлиб, улар табаррук ва муқаддас ҳисобланади.
Суюндик Мустафо НУРОТОИЙ.