СамДАҚИ ўқитувчисининг пора олгани олийгоҳ, қолаверса, педагогик жамоа шаънига номуносиб иш
Zarnews.uz телеграм каналида “СамДАҚИ ўқитувчиси 2 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда қўлга тушган”и ҳақида хабар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан шуни маълум қиламизки, бу аввало институтимиз, жамоамиз шаънига номуносиб иш бўлди.
Кейинги йилларда юртимизда коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилаётган бир пайтда, афсуски, институт ўқитувчиси шундай ишга қўл уриб, ўз нафсининг қурбонига айланмоқда.
Бу каби коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида институт раҳбарияти томонидан тушунтириш ишлари ҳамда ҳар ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил қилинган. Мазкур нохуш ҳолат ҳам жамоа ўртасида муҳокама этилиб, барча профессор-ўқитувчилар, ходимлар коррупция иллатидан йироқ бўлиши шартлиги таъкидланди. Шу билан бирга ўқув жараёнида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар янада кучайтирилмоқда.
Шу ўринда ҳурматли ота-оналарга ҳам мурожаат қилмоқчимиз. Ҳурматли ота-оналар, фарзандингизнинг пул эвазига ўқишини таклиф қилаётган таъмагирларга ишонманг!
Илм ишига пул аралашдими, билингки, бу залолат ботқоғига етаклайди.
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти.