СамДЧТИ Қўшработда ўқув марказлар очди
“Камбағалликдан фаровонлик сари” умуммиллий дастури доирасида туман маркази ва Жўш қишлоғида ташкил этилган марказларда кам таъминланган оила фарзандлари, хорижий давлатларга ишлаш мақсадида кетаётган фуқароларга институт педагоглари томонидан инглиз, немис ва корейс тиллари ўқитилади.
Ўқув марказлар учун туман марказида жойлашган 82-умумтаълим мактаби биносидан 5 та хона, Жўш ҳудудидаги касб-ҳунар коллежи биносидан 5 та хона ажратилди.
Бу хоналар институт томонидан таъмирланиб, зарур жиҳозлар, ўқув адабиётлари, кўргазмали воситалар, замонавий ахборот технологиялари билан таъминланди.
– Туманимизда корейс тилини ўргатадиган ўқув марказ йўқ эди, - дейди 77-умумтаълим мактаби ўқувчиси Моҳина Тошкенбоева. – Бунинг учун Самарқанд шаҳрига боришимизга тўғри келарди. Чет тиллар институти очган марказда эса корейс тил ўргатилар экан. Бу биз учун жуда қулай бўлди. Энг муҳими, курслар бепул экан.
Марказларда машғулот олиб бориш учун 6 нафар мутахассис ажратилди. Уларга институт томонидан иш ҳақи тўланади.