СамДТИ Болтиқ Федерал университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолади
Самарқанд давлат тиббиёт университети делегацияси Калининграддаги Болтиқ Федерал университетида бўлди. Илмий ва академик ҳамкорлик доирасида университет ректори Александр Федоров билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда университетлар ўртасида академик мобиллик бўйича ҳамкорлик қилиш шартномаси имзоланди. Ушбу ҳамкорлик меморандумига асосан илмий тадқиқотлар олиб бориш ва илмий мақолаларни биргаликда нашр этиш, тиббий таълимнинг барча йўналишлари бўйича тажриба алмашиш, илмий ва таълим лойиҳаларида биргаликда иштирок этиш, ўқитувчиларнинг амалиёт, малака ошириш ва бошқа таълим тадбирларини ташкил қилишга келишиб олинди.
Самарқанд давлат тиббиёт университети делегацияси таркибидаги профессор-ўқитувчилар ҳамкорлик доирасида олий тиббиёт мактабининг талабаларига маърузалар ва амалиёт дарслари ўтишди.
Шунингдек, академик мобиллик доирасида университетнинг 6 нафар талабаси Болтиқ Федерал университети базасида каникуляр мактабда ўқишди ва сертификатга эга бўлди.
Университетлар ўртасидаги академик ҳамкорлик таълим сифатини, профессор-ўқитувчилар ва битирувчиларнинг халқаро таълим хизматлари ва меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Г.Самиева.