СамВМИ профессор-ўқитувчилари пастдарғомлик ўқитувчилар учун маҳорат дарслари ўтди

Умумтаълим мактабларининг математика фан ўқитувчилари учун “Математика дарсларида ўқитишнинг интерфаол усулларидан фойдаланиш” мавзусида маҳорат дарслари ташкил этилди. Мактаб ва олий таълим муассасаларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур дарсларда Паст Дарғом туманидаги 25 та умумтаълим мактабларининг 40 нафар ўқитувчилари иштирок этди.

Машғулотлар Самарқанд ветеринария медицинаси институти профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилди.

Тадбир доирасида дастлаб Давлат тест марказининг намунавий тест саволлари асосида тузилган мисол ва масалаларни ечишда “Гуруҳларда ишлаш”, “Ўқувчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги” усулларида дарсларни ташкил этиш бўйича тажриба тренинги ўтказилди. Машғулотлар давомида  математика фанини ўқитишда дуч келинаётган муаммолар юзасидан ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашинди. Жумладан, мактаблар моддий-техник базаларини яхшилаш, туман фан ўқитувчилари ўртасида тажриба алмашиш мақсадида ижтимоий тармоқларда гуруҳлар ташкил этиш орқали таълим сифатини ошириш, битирувчи синфларни вариатив дастурлар асосида ўқитиш, қолаверса, математика фани тўгаракларини янгича усуллар асосида ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, СамВМИ профессор-ўқитувчилари томонидан маҳрат дарслари тумандаги умумтаълим мактабларининг кимё, биология, информатика ва чет тили фан ўқитувчилари учун ҳам ташкил этилади. Дарслар жорий йилнинг 2021 йилнинг февраль ойи якунига қадар давом этади.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.