Санаторийлар очилган, фақат…

Мамлакатимизда карантин талаблари юмшатилаётгани боис “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда санаторий, пансионат, болалар оромгоҳи ва бошқа дам олиш масканлари фаолиятига рухсат берилди.

Жорий йилнинг 1 июнидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги 20 дан ортиқ санаторий босқичма-босқич аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади.

Йил бошидан буён Сирдарё вилоятида “Янги ер”, Сурхондарёда “Хўжаи Пок”, Тошкент вилоятида “Оқ-Тош шабода” санаторийлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳозирда вилоятимиздаги “Ибн Сино” санаторийсида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Асосий бино ёнидан 80 ўринли 5 қаватли замонавий бино қурилмоқда. Бу бино шу йилнинг октябрь ойида фойдаланишга топширилади.

Бу йил вилоятимизда турли соҳаларда меҳнат қилаётган 2800 нафар ишчи-ходимларни бирлашма кенгашининг ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан соғломлаштириш режалаштирилган.

Юртимизда юзага келган эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда қўшимча чоралар белгиланган. Жумладан, эндиликда санаторийга борувчиларга йўлланма берилишидан 5 кун олдин ҳудудий санитария-эпидемиология осойишталик марказларида COVID-19 инфекцияси текширувидан ўтишлари лозим.

Санитария-эпидемиология осойишталик маркази мутахассисларининг тавсиясига асосан, карантин даврида санаторийларга 65 ёшгача бўлган фуқаролар қабул қилинади.

Зариф ЖОЗИЛОВ,

Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг ижтимоий суғурта бўлими мудири.