Санкт-Петербургдаги портлашда жабрланганлар сони 32 нафарга етди

Кеча мазкур шаҳарда жойлашган кафеда портлаш содир бўлгани ҳақда хабар тарқалганди. Россия соғлиқни сақлаш вазирлигининг бугунги хабарида жабрланганлар сонига аниқлик киритилган.

“Тезкор маълумотларга кўра, Санкт-Петербургдаги кафелардан бирида юз берган ҳодисада 32 киши жабрланган, бир киши ҳалок бўлган”, — дейилади хабарда.

Айтилишича, жабрланганлардан 10 нафарининг аҳволи оғир, 16 кишининг, жумладан 14 ёшли қиз аҳволи ўртача.

Портлаш ҳарбий блогер Татарскийнинг ижодий кечаси ўтказилган Василевский оролининг Университет қирғоғидаги кафесида содир бўлган. Татарскийга совға қилинган ҳайкалчага 200 грамм тротил сиғимига эга портловчи қурилма яширинган, дея хабар беради полиция.

Маълумотларга кўра, портлаш бир аёл Татарскийга совға сифатида бюст олиб келгач, беш дақиқадан сўнг содир бўлган. Ҳозирда аёл қидирилмоқда.

Владлен Татарский ҳарбий блогер сифатида танилган, унинг Телеграм-каналига 560 минг фойдаланувчи обуна бўлган.