Сардобалик талабаларимизни излаб...
Талабаларимиз орасида сирдарёликлар ҳам бор. Шунинг учун масъуллардан уларнинг манзиллари ва телефон рақамларини олиб, ҳол-аҳвол сўрашни, бутун ҳалқимиз қатори, институтимиз жамоаси ҳам уларга моддий кўмак беришни мақсад қилиб, ишга киришганлигини айтиб, уларнинг кўнгилларини кўтариб қўйишни истагандик.
Фалокат кўламини телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали кузатдик. Қутқарув ишларида ҳалок бўлган Миллий гвардия сержанти, “алпинист сигирлар”, сув қайтгач, далаларга сочилиб кетган балиқлардан тортиб, эвакуация қилинган аҳоли учун яратилган шароитлар, уларга саховатпеша халқимиз томонидан юборилаётган инсонпарварлик ёрдамлари, ҳукуматимиз эътибори – қўшиқ куйлаб, рақс тушаётган болакайлар ва раҳмат айтаётган сирдарёликлар ҳақида ахборотларни кўриб, эшитиб боряпмиз.
Бошида сирдарёлик талабалар билан гаплашиш осон туюлди... Аммо савол бериш ўйлаганимиздек ҳечам осон эмас, тилингиз айланмай қоларкан.
“- Омонмиз, тирик қолдик, - деди талабанинг отаси телефонимизга жавоб берар экан. - Ўғлим ҳозир ёнимда эмас, сиз унинг устозимисиз? 3 кундан бери қорамолларимизни қидиряпмиз. У ҳам ҳозир сарсон бўлиб ахтариб юргандир. Ҳарна болаларнинг ризқи эди... Уйларимиз 3-4 метр сув остида қолган, фақат томлари кўринади, ҳеч нарсани олишга улгурмадик, фақат жонимизни асраб қолдик, холос. Кўпга келган тўй экан-да, синглим!
...Тонг саҳар 5:00 лардан ўтиб, биздан 3 уй наридаги қўшни аёлнинг қичқириғини эшитиб, кийиниб-кийинмай уйдан қочиб чиқиб, автоуловда бошимиз оққан томонга йўл олдик. Худди кинолардагидек, даҳшатли қора сув бостириб келаётганди... Жиззах вилоятининг Даштобод шаҳарчаси, Иқбол маҳалласидаги қариндошларимизнинг уйига жойлашдик. Улар биздан 45-50 километр узоқда яшайди, қўшни вилоятда. Кўп одамлар нима бўлаётганини ҳам тушунмай, англаб-англамай тепаликларга қочиб чиқди. Кўпчилик ҳатто ҳужжатларини олишга ҳам улгурмаган.
Бизни ўша ерда рўйхатга олишди. Худо, деб ўтирибмиз. Уй-жойларимиз сув тагида қолган, лекин сувни қайтариш чоралари кўриляпти. Жойларда Миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар идоралари ва бошқа ташкилотлар вакиллар ёрдам беришяпти.
Ҳар куни 100-120 километр йўл босиб келиб, молларимизни қидиряпмиз. Йўлни сув босган, айланиб келишга мажбурмиз. Мол-ҳоллар 50 километр атрофга сочилиб кетган”.
Суҳбатдошимнинг кўнглини кўтаришга уриндим:
- Бир ёмоннинг бир яхшиси бўлади, ҳали янги уй-жойларингиз бўлади, ўрни тўлиб кетади, тушкунликка тушманг. Шахсан Президентимиз, халқимиз Сизлар билан! - дедим.
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.