"Қайроққум" сув омбори юзасидан вазирлик ҳам баёнот берди

Хабар қилганмиздек, жорий йил 14 январь куни ярим тунда ижтимоий тармоқларда Тожикистон ҳудудида жойлашган “Баҳри тожик” ("Қайроққум") сув омбори ёрилиши оқибатида сув тошқини содир бўлганлиги тўғрисида ёлғон хабарлар тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати ҳам баёнот берди.

“Баҳри тожик” сув омборидаги гидроэлектр станцияси директори Файзулла Азизовнинг маълум қилишича, сув омборида ҳеч қандай муаммо йўқ, барча иншоотлар техник соз ҳолатда. Гидроэлектр станциясидаги агрегатлар одатдаги тартибда ишлаб турибди. Барча иншоотларнинг хавфсизлиги назоратга олинган. Сув омбори атрофидаги ҳудудларда яшовчи аҳоли саросимага тушиб, хавфсиз ҳудудларга кўчиб ўтаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам асоссиз.

Бугунги кунда "Қайроққум" сув омборининг сув ҳажми 3 миллиард 443 миллион метр/куб бўлиб, сув омборига сувнинг кириши 892 метр/ куб/секунд, сувнинг чиқиши эса 880 метр/куб/секундни ташкил этмоқда. Сув омборида охирги ўн кунлик давомида сув тўплаш ва сув чиқаришда ҳеч қандай кескин ўзгариш кузатилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида кечаю-кундуз фаолият юритадиган навбатчилик ташкил қилинган ҳамда диспетчерлик хизмати доимий ишлаб турибди. Шунингдек, республикамиздаги барча йирик сув иншоотларининг хавфсиз ишлаши яна бир бор назоратдан ўтказилди.

“Баҳри тожик” сув омборининг сув ҳажми ўзгариши бўйича қўшни Тожикистон Республикаси сув хўжалиги органлари, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда “Ўзгидромет” маркази билан мунтазам алоқалар ўрнатилган бўлиб, сув омборининг ишлаш режими бўйича ҳар соатлик мониторинг юритиб борилмоқда.

Сув хўжалиги вазирлиги ҳам фуқароларни бу каби ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва хотиржамликка чақирди.

Эслатиб ўтамиз, “Баҳри тожик” сув омбори сувидан Ўзбекистоннинг Тошкент вилояти Бекобод тумани, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳамда қўшни Қозоғистон Республикасининг экин майдонларини суғоришда фойдаланилади.