Пайариқдаги насос станциясида Даниянинг “Grundfos” компаниясида ишлаб чиқарилган агрегатлар ўрнатилади

Ургут тумани марказидан ўтган “Ургутсой” сойининг 7 километр қисми реконструкция қилинади ва “Тиждувон” ва “Чоштепа” сув омборларини қуриш масаласи техник ва иқтисодий жиҳатдан ўрганилади.

91 миллиард сўм бюджет маблағи ҳисобидан Булунғур сув омбори келгуси йилда ишга туширилиб, 37 минг гектар ернинг сув таъминоти ва мелиоратив ҳолати яхшиланади.

Вилоят туманларидаги 30 та тик қудуқлар ҳамда 10 та насос станциялари (Булунғур ва Иштихонда 1 тадан, Нарпайда 8 та) давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорларга узоқ муддатга берилади.

Самарқандда тажриба-синов тариқасида Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси балансидаги Пайариқ тумани “Ўзбекистон” насос станцияси агрегатларини энергия тежамкор агрегатларга алмаштириш бўйича Даниянинг “Grundfos” компаниясида ишлаб чиқарилган агрегатлар ўрнатилади. Бунда фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш билан боғлиқ шартномаларни тўғридан-тўғри расмийлаштиришга рухсат берилади.

Пайариқ туманининг Халқобод ҳудудидаги Накурт, Таллакор, Култўсин маҳаллаларида ёшларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида ҳудуддаги 30 та қишлоқнинг ҳар бирида 50 гектардан лалмикор ерларда артезиан қудуқлари қазилади. 100 нафардан жами 3 минг нафар ёшга 50 сотихдан деҳқон хўжалиги сифатида лалми ер майдонлари ажратилади.

Жорий йил якунигача вилоятдаги 25 та озиқ-овқат саноати корхоналарида халқаро стандартлар жорий этилади. Каттақўрғон ва Пахтачи туманларида 60 гектар майдонда барпо этилаётган лимончилик комплекслари коммуникация инфратузилмаси билан таъминланади.