"Тўпаланг сув омбори"дан чиқаётган сув кескин кўтарилгани айтилмоқда: Ҳолат юзасидан расмий маълумот берилди
Бугун 22 июнь куни соат 08:14 ларда мазкур сув омборида сув кўтарилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унга кўра, "Тўпаланг сув омбори" лойиҳаси қуввати 400 млн. метр куб, амалда 378,87 млн. метр кубни ташкил этмоқда. Сув ташламаси режавий 70 метр куб/секунд, 2022 йил 22 июнь куни - ҳозирга вақтда 110 метр куб/секундни ташкил этмоқда.
Сув омборининг мустаҳкамлигига зиён етмаган, айни вақтда чиқарилаётган сув ҳажмини камайтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳолат юзасидан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ мазкур воқеа юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:
"Ҳозирда "Тўпаланг сув омбори" қошида барпо этилган "Тўпаланг" ГЭСда 2-компонент модернизация лойиҳаси амалга оширилаётганлиги муносабати билан босимли қувурда синов ишлари ўтказилган вақтда қувур тўсини орқали 40 метр/куб сув чиққан.
Тўғон билан боғлиқ муаммо мавжуд эмас. Хавотирга ўрин йўқ. Айни пайтда ушбу носозлик тўлиқ бартараф этилди. 40 метр/куб сув тўлиқлигича каналга йўналтирилди".