“Сурхон тонги”нинг босмахонасидан иссиқхонасигача

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши муассислигидаги “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари таҳририятининг янги биноси ҳақида эшитгандик, лекин кўрмагандик. Яқиндаги Термизга сафаримиз чоғида ушбу таҳририятга кириб ўтдик.

Таҳририят шаҳар марказида жойлашган, кўркам бино экан. Жуда яхши лойиҳа асосида дид билан қурилган ва жиҳозланган.

Эшикдан киришда жавонларга териб қўйилган китоблар эътиборимизни тортди. Таҳририят бош муҳаррири Салоҳиддин Норқобиловнинг айтишича, бу жой кутубхона экан.

– Ўзимизнинг ходимлар ҳам, бошқалар ҳам фойдаланишлари мумкин, – дейди С.Норқобилов. – Уйларига олиб кетиб ўқишади ва кейин келтириб қўйишади. Шу кутубхонани ташкил этганимиздан буён бинога келадиган меҳмонлар “сизларга ва муштарийларингизга совға” дея китоб ҳадя қиладиган бўлишди. Муаллиф дастхати қўйилган китобларни ўқишнинг завқи бошқача бўлади.

“Зарафшон” газетаси кутубхонаси туркумидан” чоп этилган ҳамда самарқандлик ижодкорлар китобларидан, газеталаримиздан олгандик. Бизнинг совғаларимиз ҳам кутубхонадан жой олди.

Газеталар ижодий ходимлари бинонинг иккинчи қаватидаги хоналарда ўтирар экан. Дастлаб улар билан учрашиб, фикр ва тажриба алмашдик.

“Сурхон тонги” 6 минг, “Заря Сурхана” 1000 нусхада ҳафтада бир мартадан чоп этилаётган экан. Катта ва салоҳиятли вилоят учун бу кам, албатта, лекин бугун жамиятда газеталарга муносабатни ҳаммамиз кўриб турибмиз. Нима ҳам дердик, муассислар сурхондарёлик ҳамкасбларимизга бу борада ёрдам беришларига умид билдирдик.

Ижодий жамоа асосан, ёшлардан иборат экан. Ҳаммалари кун талабини яхши ҳис қилар экан, фикрлари тиниқ, қарашлари аниқ. Фойдаланаётган компьютер ва бошқа воситалари, ахборот тизимлари, дастурлари замонавий, бошқалардан кам жойлари йўқ. Икки-уч нафар ходим газеталар сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига масъул. Туну кун энг сара, асосан Сурхондарё ва сурхондарёлик ҳаёти билан боғлиқ хабар ва мақолалар бериб боришларини айтишди. 

Таҳририятнинг босмахонаси борлигини эшитгандик. Шунга қизиқдик.

– Босмахона пастда. Дарров ўша ерга олиб бормадим, мақтаняпти, деб ўйламанглар деган фикрда, – деди бош муҳаррир.

Бино билан ёнма-ён, биринчи қаватдан ўтиб борадиган босмахонага кирдик. Ҳиндистондан келтирилган замонавий қурилма экан. Вилоят газеталари билан бирга туман, шаҳар нашрлари ҳам шу ерда, А-2, А-3 форматда, рангли чоп этилишини айтишди. Аввалги йилларда газеталар нусхалари кўп бўлган, лекин бу йил тиражлар бироз камайган. Лекин ҳеч ким ойлигидан, олаётган пулидан нолимади. “Худога шукр, насибага яраша оляпмиз”, дейишди. Шукр қилишда барака бор, деганлари рост-да.

Босмахона ёнида ходимлар учун спортзал ташкил қилинган экан. Стол тенниси, бир нечта тренажёрлар мавжуд. Ходимлар ҳар куни тушлик пайтида ва бошқа бўш вақтларида спорт билан шуғулланишаркан.

Кейин муҳаррир билан бирга ошхонани кўрдик. Ходимлар, 25 киши шу ерда бепул тушлик билан таъминланган.

– Энди ҳовлига чиқамиз, жуда катта эмасу, лекин ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланганмиз, – деди Салоҳиддин Норқобилов бизни ҳовли томон бошлаб.

Ростдан ҳам кичкина ҳовлидан самарали фойдаланишибди. Қарийб икки сотихча ерда иссиқхона ташкил қилинган. Яқинда бодринг, помидор экишибди. Иссиқхонанинг ёнидаги кичик жой ҳам бўш қолмаган – картошка уруғи қадаб қўйилган.

Бош муҳаррирнинг айтишича, мана шу ердан йил давомида ошхона учун керакли сабзавотни олишаркан. Очиғи, бу омилкорликка, сурхонликларга хос ердан самарали фойдаланиш маданиятига ҳавас қилдик.

Хуллас, сурхонлик ҳамкасбларимиз фаолияти билан қисқагина танишувимиз фойдали бўлди. Нимадир ўргандик, нимадир тажрибамиз ҳақида гапириб бердик. Муҳими, ижодий ҳамкорлик қилишга келишиб олдик.

Ғолиб ҲАСАНОВ.