Жомда қадимий Ғиштбанд сув омбори янгидан барпо этилди
Нуробод туманининг Жом қишлоғида ХI асрда қорахонийлар даврида бунёд этилган “Ғиштбанд” тарихий сув омбори янгидан қурилди.
Жом – нафақат Нуробод, балки вилоятимизнинг узоқ тарихга эга аҳоли яшаш масканларидан бири ҳисобланади. Тарихий манбаларда бу жой қадимий Ипак йўлининг муҳим нуқталаридан бири сифатида қайд этилади. Қишлоқ тоғ ва қирликлар орасида, чуқур жойда бўлгани учун унга “Жом” деб ном берилгани тахмин қилинади. Қишлоқ аҳолиси асосан тоғлардан бошланадиган булоқ сувларидан истеъмол қилган ва деҳқончилик учун фойдаланган.
Қорахонийлар даврида қишлоқ тепасидаги, Зарафшон тоғ тизмаларининг ғарбий этакларидан оқиб тушадиган Омондарасойда сув омбори қурилган. Ўн метр баландликдаги тўғон тоғ тошларидан ғишт шаклида йўниб қурилгани учун “Ғиштбанд” деган ном олган. Тарихий манбаларда келтирилишича, сойнинг энг тор жойида ўрнатилган тўғоннинг асоси 10, тепа қисми узунлиги 25 метр, эни 5-5,5 метр бўлган. Сув омбори эса 700 метр узунликда ва 10 метр чуқурликкача бўлгани ва мазкур иншоотда 300 минг куб метр ҳажмда сув жамғарилгани қайд этилади.
– Ушбу сув иншооти XI-XII асрларда қорахонийлар даврида қурилган, – дейди тарихчи Шариф Саҳатов. – Қорахоний ҳукмдор Иброҳим ибн Наср Тамғач Буғрохон даврида Самарқанд ғарбий қорахонийлар давлати пойтахти бўлган. Ўша пайтда Самарқанд ва унинг атрофини обод қилиш мақсадида бир қатор иншоотлар, бинолар қурилган. Жумладан, Жом чўлини суғориш учун "Ғиштбанд" сув омбори қурилган ва бу орқали аҳолини сув билан таъминлаш, ҳудуддаги 300 гектардан ортиқ ерни суғориш имконияти яратилган. Ушбу сув омборининг тўғони, яъни ғиштбанд тоғ тошларидан, қоришмаси эса шу ердан чиққан оҳактош ва ўсимликлар кулларидан тайёрланган. Банднинг баландлиги 10 метр, узунлиги 25 метр, қалинлиги 5,5 метр бўлгани, ундан олтита қувур орқали сув чиқарилгани манбаларда қайд этилади. Айни пайтда республикамиз ҳукумати томонидан Омондарасойда, яъни қадимий Ғиштбандда янги сув омбори қурилди. Шу билан бирга, қадимий тўғон қолдиқлари ҳам сақланмоқда. Аждодларимиздан қолган бу иншоот маданий мерос объектлари рўйхатига киритилиб, асраб-авайланса ва сайёҳлик йўналишларидан бирига айлантирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Қадимий ёдгорликлар ва тарихий манбалар изланувчиси Акмал Ҳамроев ҳам Ғиштбанд тарихи билан боғлиқ кўплаб маълумотлар ва ашёлар мавжудлигини қайд этиб, бу ерда ўрганиш ишлари олиб бориш зарурлигини таъкидлайди.
– Ғиштбанд қорахонийлар даврининг муҳим стратегик иншоотларидан бири бўлган ва ўз вақтида 300 минг куб метр сувни сақлаб, аҳолини сув билан таъминлаган, – дейди А.Ҳамроев. – Биз ушбу эски бандни ўрганиш жараёнида бу ердан металл қоришма ҳам топдик. Бу шундан далолат берадики, мазкур ҳудудда металлдан турли буюмлар, қурол-яроғ ва тангалар ясалган. Агар иншоотда археологик тадқиқотлар ўтказилса, нафақат Ғиштбанд, балки Жом тарихи билан боғлиқ кўплаб янги маълумотлар, тарихий ашёларга эга бўлиш мумкин, деб ўйлаймиз.
Омондарасойда қадимий сув омборини қайта қуриш орқали Жом қишлоғи аҳолисини сув билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликни ривожлантириш, ҳудуд табиати мусаффолигини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилаётган ва бошқаларни ҳам шунга даъват этаётган фаоллардан бири Эштурди Раҳимовдир. 82 ёшли отахон бир неча йиллардан буён мазкур иншоот ва ҳудуд тарихи билан боғлиқ маълумотларни тўплаб, тегишли идораларга тақдим этмоқда ва сув омбори қурилишига ҳисса қўшмоқда.
– Қорахонийлар даврига оид "Ғиштбанд" сув омбори 330 минг куб сувни сақлаб, аҳолининг ичимлик суви ва қишлоқ хўжалиги учун эҳтиёжини қондирган, – дейди Эштурди Раҳимов. – Узоқ йиллар аҳоли бундан самарали фойдаланган. Жом қадимий Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашгани учун муҳим аҳамиятга эга ҳудуд бўлган. Бу ерда катта қўрғон бўлгани ва ташқи душманлардан ҳимояланиш мақсадида атрофи сув билан ўралгани ҳақида маълумотлар бор. Ушбу қўрғонга ҳам сув "Ғиштбанд" сув омборидан борган. Умуман, сув омборидан 21 километр масофага, Сансалорота деган жойгача ариқлар тортилиб, 330 гектар ер сув билан таъминланган. Бу 1962 йилда юртимиз археолог олимларининг Мозандарон экспедицияси томонидан ҳам қайд этилган.
Ҳудудда аҳоли сонининг ўсиб бориши ва сув танқислиги кучайиши натижасида, қолаверса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, баҳорги мавсумда содир бўладиган сел ва тошқиндан аҳолини сақлаш мақсадида қадимий сув омборини тиклаш бўйича фикрлар билдирилди. Кейин бу таклиф ва ташаббусларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этдик ва 2014 йил 27 июлда Вазирлар Маҳкамасининг қадимий "Ғиштбанд" сув омборини тиклаш, бунинг учун 3 миллиард 323 миллион сўм пул ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Дастлаб 2015-2017 йиларда қурилиш ишлари олиб борилди. Кейин 2021 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан яна 5,5 миллиард сўм ажратилди ва ҳозирда иншоотда қурилиш ишлари якунига етмоқда. Бу давлатимиз раҳбарининг кейинги йилларда юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ва сув тақчиллигининг олдини олишга қаратилган ислоҳотлари натижасидир.
Бу иншоот фақатгина аҳолини сел ва тошқин сувлари хавфидан сақлаш, сув билан таъминлашдан ташқари, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантиришга ёрдам беради. "Ғиштбанд"да сув тўпланиши Жомни сув билан таъминлайдиган булоқларда сув кўпайиши ва янги булоқлар кўз очишига, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, янги боғ ва ўрмонзорлар, яшил ҳудудлар яратилишига асос бўлади. Келажакда бу ерни туристик йўналишга киритиб, сайёҳлик соҳасида ҳам янги лойиҳаларни амалга ошириш, дам олиш масканлари яратиш мумкин. Бугун Жомда 30 минг аҳоли яшайди. Албатта, улар учун муносиб турмуш шароити яратиш, янги иш ўринлари очиш лозим. Янги сув омбори ушбу мақсадларга эришишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат).