Эртага кеч бўлиши мумкин: Сув танқислиги муаммосига бугундан эътибор қаратиш лозим
Бугун ер юзидаги 2 миллиардга яқин аҳоли тоза ичимлик сувига муҳтож, 2,3 миллиарддан зиёд одам эса санитария талабларига жавоб бермайдиган сув ичишга мажбур. Мутахассисларнинг фикрига кўра, 2050 йилга қадар сувга бўлган талаб яна 50 фоизга ошади.
Шу рақамларнинг ўзи ҳам табиатнинг бебаҳо неъмати бўлган обиҳаётдан тежамкорона, оқилона фойдаланишга ундайди.
Шу ой Президент иштирокида ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинишича, республикамизда охирги беш йилда соҳага 10 триллион сўм ёки олдинги йилларга нисбатан 5 баравар кўп маблағ ажратилган. Бу даврда 6 миллион 500 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланган.
Шу билан бирга баъзи туманларда марказлашган сув билан таъминланиш даражаси 30 фоизга ҳам етмаслиги тилга олинган. Шу боис, келгуси беш йилда бу соҳага 40 триллион сўм инвестиция жалб этилади.
Аммо масаланинг яна бир муҳим жиҳати, биз олис ҳудудларга қанчалик тармоқлар тортмайлик, сув сақлаш иншоотларини барпо этмайлик, асосий муаммо ерости сувлари захирасига боғлиқ бўлиб қолаверади. Чунки сувнинг асосий манбаи шу.
Шу мақсадда йиғилишда дарёлар ва ерости сувларини асраш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланишича, бугунги кунда 8 мингта сув қудуғидан 1 минг 500 таси яроқсиз ҳолатга келган. Оқибатда қарийб 800 та маҳалладаги 2 миллион аҳолининг сув таъминоти ёмонлашган. Зомин, Нурота ва Қўшработ конларида қудуқлар қазиш, Зарафшон ва Чирчиқ дарёлари ўзанидан қум-шағал олиш назоратсиз, пала-партиш бўлгани сабабли бу ҳудудларда ерости чучук сувлари захиралари 30 метргача пасайган.
Албатта йиғилишда қайд этилган бу масала, ичимлик сувимизни ҳозирги реал ҳолатидан дарак бериб, келгуси аянчли аҳволдан огоҳ этди. Фермерлик ривожланиши билан жойларда сувли ерга бўлган талаб, туманларда юқори ҳосил олишга бўлган иштиёқ асосида, суғорилмайдиган ерларга артизан «уриш» урфга кирди. Ўшандан бошлаб, минглаб гектар ғалла майдонлари, пахта далалари ер ости ичимлик суви билан суғорила бошланди. Туманларда авж олган ура-урачиликлар асосида, «план» биринчи ўринга чиқдию, афсуски, масаланинг муҳим жиҳати этибордан четда қолди.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги «Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қароридан кейин сув исрофини олдини олишда ижобий лойиҳалар амалга оширила бошланди. Ушбу қарор, сувдан тежамли фойдаланиш тадбирларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Кейинги йиллардаги артизан «урувчилар»га экинларини фақат томчилатиб суғориш жорий этиш шарти билан рухсат берилаётгани ва бу лойиҳани амалга оширувчиларга субсидиялар ажратилиши эса чучук сувга бўлган аввалги «тажовўз»ларни қисман тўғри йўлга сололди.
Аммо шунча ҳаракатлар билан ҳам, истаймизми-йўқми, ўтган йилги қурғоқчилик ичимлик суви муаммосидаги асл ҳолатни бизга кўрсатиб қўйди. Кеч англаб етганимиз: «Орол муаммоси» каби, янги муаммо яралмасдан туриб, жойларда ҳамон давом этаётган тоза ичимлик сувига бўлаётган «тажовуз»ларни тўхтатишимиз даркор.
Маълумотларга кўра, артизан сувидан 20 дақиқа оққан сув сарфи эвазига, томчилатиб суғориш жорий этиш билан 8,4 тонна бўғдой ёки 15 тонна картошка олиш мумкин экан. Шундай экан, тоза ичимлик сувини бугундан қадрлаб, бу борада самарали чора тадбирлар белгилаб олишимиз лозим. Бу борада туманлардаги барча артизанлар асосида сув олувчиларга мажбурий томчилатиб суғориш тизимини қатъий жорий этиш, корхоналар ва ташкилотларнинг ҳовлисидаги экин ерларини тоза ичимлик суви билан сўғорилишига йўл қўймаслик, шу мақсадда сув хўжалик назорати инспекцияси ходимлари ваколатини кенгайтириш, келгуси йилларда сув тежовчи мосламалар жорий этишни янада рағбатлантириш, субсидия ва кредит таъминотини ошириш кабилар орқали муқарар муаммонинг олдини олишга эришишимиз мумкин.
Бугун дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна, бир челак сув учун жанжал-можаролар бўлаётган бир пайтда, биз тоза ичимлик сувини жўмраклардан оқизиб қўйяпмиз. Ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, машинамизни ювамиз, сувни ҳовлиларимизга ва кўчаларимизга сепамиз.
Шу ўринда яна бир маълумот: дунёда ҳар йили 5 ёшдан кичик бўлган ўртача 297 минг бола тозаланмаган ичимлик суви истеъмол қилгани ёки ана шундай сув билан қўл ювиши натижасида диарея касаллигига учраб вафот этмоқда. Шу даҳшатли рақамларнинг ўзи ҳам томчи сувни қадрини бугундан англашимиз учун асос бўлади, йўқса эртага келгуси авлод олдида айбдор бўлиб қолишимиз аниқ.
Шуҳрат НОРМУРОДОВ.