Самарқандда сув ҳавзаларидаги сайёҳлик йўналишларига қизиқиш ортмоқда
Яқин-яқингача юртимизга келаётган сайёҳларнинг асосий ташриф манзиллари тарихий шаҳарлар, улуғ қадамжолар ва айрим маданий мерослар билангина чекланар эди. Шу сабабдан асосан ҳаво салқин бўлган баҳор ва куз ойларида сайёҳлик бироз жонланарди, холос.
Ҳозирда бир неча янги сайёҳлик йўналишлари, туризм манзиллари пайдо бўлмоқда. Хусусан, сув ҳавзалари қирғоқларида ташкил этилаётган дам олиш масканлари, кемпинглар ташкил этилмоқда.
Вилоят туризм ва маданий мерос бошқармаси томонидан Каттақўрғон ва Қоратепа сув омборлари негизида ташкил этилган дам олиш масканларига уюштирилган пресс-турда иштирок этган мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ушбу масканлар фаолияти билан танишди.
- Таҳлилларга кўра, саёҳат давомида сув ҳавзасида хордиқ чиқариш энг муҳим жиҳатлардан бири, - дейди вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов. – Шу талабдан келиб чиқиб, вилоятимиздаги сув ҳавзалари, хусусан, сув омборлари қирғоқларида дам олиш масканлари комплексини ташкил этяпмиз. Бу албатта, маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳларнинг оқими ортишига сезиларли таъсир қилди.
Каттақўрғон сув омбори қирғоқларида ташкил этилган дам олиш масканлари ушбу йўналишдаги самарали лойиҳалардан бири. Бу ерда тадбиркорлар томонидан сайёҳлар мароқли дам олишлари учун барча шароитлар яратилган. Чўмилиш ҳавзаси, ошхона ва бошқа зарур хизматлар йўлга қўйилган.
Шу йил май ойида сув омборига 15 километр узоқликдаги Қозоқовул қишлоғида 30 ўринли “Нуршод” меҳмонхонаси иш бошлади.
- Меҳмонхона умумий лойиҳа қиймати 3 миллиард сўмни ташкил қилади, - дейди “Гулазизам сервис” МЧЖ раҳбари Шамшод Узоқов. – Халқ банкидан бир миллиард сўм кредит олиб фаолиятимизни бошлаган эдик. Бир ойда беш юздан ортиқ мижозга хизмат кўрсатиш имкониятига эгамиз. Яқин келажакда сув омборига олиб борувчи йўл таъмирланиши, ушбу йўналишда сайёҳлик маршрути йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Сув омбори қирғоқларида тадбиркорлар томонидан дам олиш масканлари ташкил қилиниб, бу ерда дам олувчиларга катамаран ва қайиқда сайр қилиш хизматлари йўлга қўйилган.
Ургут туманининг Қоратепа сув омбори ҳам сайёҳларнинг ана шундай севимли манзилларидан бири. “Tourist SKD” МЧЖга қарашли хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканида рекрацион ва пляж ҳудуд ташкил этилган.
Бу дам олиш маскани Тешиктош табиат мўжизаси экотуризм объектига ташриф буюрувчилар ҳамда Самарқанд-Шаҳрисабз йўналишида саёҳатга чиқувчилар учун қўшимча дам олиш ва ҳордиқ чиқариш маскани сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бу маскан сайёҳлар бориши учун қулай ва гўзал табиат билан ҳамоҳанг ҳудудда, тоғлар бағрида жойлашганлиги ҳам хорижий сайёҳлар эътиборини тортади. Бу ерда дам олувчилар катамаран ва қайиқларда сайр қилиб, табиат гўзаллигидан баҳра олишлари мумкин.
Туризмнинг ушбу тармоғида келажакда яна бир қанча истиқболли лойиҳалар кўзда тутилган. Бу орқали яқин йиллар ичида вилоятимизда сайёҳлар оқими ортади.