Сардобадаги 1750 нафар фуқаро Янгиердаги ётоқхоналарга жойлаштирилди
2020 йил 1 май куни фавқулодда хабар берилганидан кейин зудлик билан Янгиер шаҳар ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарларидан иборат штаб Янгиер шаҳар ЙҲХХ биноси олдида йиғилиб, вазифалар тақсимоти амалга оширилди.
Ишчи штаб томонидан Мирзаобод туманидаги Беруний, Пахтаобод, Балиқчи, Ҳақиқат, Баҳористон, Янгиовул ва Дўнгариқ маҳаллаларидан вақтинчалик эвакуация қилинган 2 минг нафардан зиёд аҳолини Янгиер педагогика ҳамда тиббиёт коллежлари, Гулистон давлат университетининг Янгиер шаҳридаги педагогика факультети ва Янгиер футбол академияси биносига жойлаштириш чоралари кўрилди.
Унга кўра, педагогика коллежи ётоқхонасига 700 нафар, тиббиёт коллежи ётоқхонасига 150 нафар, Гулистон давлат университетининг Янгиер шаҳридаги педагогика факультети ётоқхонасига 600 нафар, футбол академияси ётоқхонасига 300 нафар фуқаролар жойлаштирилди. Бу ҳақда Янгиер шаҳар ҳоқимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бу жараёнларга 50 та микроавтобус, 10 та тез тиббий ёрдам бригадаси, 50 нафар ўрта тиббиёт ходими, 15 нафар шифокор жалб этилди.
Қайд этиш жоизки, мана шундай шароитда бир қанча тадбиркорлар, саховатпеша инсонлар ва ҳомийлар томонидан эвакуация қилинган фуқароларга зарурий озиқ-овқатлар, ичимлик суви, ниқоб, антисептик восита, бир марталик қўлқоплар ва бошқа тиббиёт воситалари етказиб берилмоқда.
Шунингдек, Гулистон тумани ҳокимлиги томонидан ҳам озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат ҳомийлик ёрдами келтирилди.
Бундай тезкор ва амалий саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар қандай вазиятда ёлғиз қолмаслиги, балки давлатимиз диққат-эътиборида эканини яққол ифода этади.
Вазият тўлиқ назоратга олинган, саросимага тушишга асос йўқ.