Сардоба
(Бундан роппа-роса уч йил аввал содир бўлган“Сардоба” сув омбори фожиасига бағишланади)
Ойларнинг сарвари Моҳи Рамазон келди. Саҳарликка уйғонган Давронга дастурхон ёзаётган хотини Меҳри “Ҳозир болаларингизни ҳам уйғотаман, сиз чой ичиб туринг”, деди.
Шу пайт қайдандир кучли шовуллаган товуш келди. Шовқин борган сари кучаявергач, у ташқарига қараш учун деразани очиши билан уйга қиш чилласидагидек совуқ ёпирилиб кирди. “Бу нимаси бўлди?!. Қиш аллақачон ўтган эди-ку!”.
Ваҳима ичида қолган эр-хотин дарҳол ташқарига отилди. Уйи ёнидаги балиқчиларнинг йигирма-ўттиз гектардан бўлган ҳовузларига "Сардоба" сув омборидан тошиб чиққан сув шаршара бўлиб тушарди. Давроннинг англагани шу бўлдики, бу вақтинча эди. Сал фурсатда булар ҳам тўлади. Гўёки бу каби ҳовузлар Сардобанинг олдида тоғоранинг ёнидаги бир қошиқча эди, холос. Айни лаҳзаларда эса Даврон ва маҳалладошлари учун сўнгги нажот қалъаси ҳам эди.
“Тошқин!”. Бу ҳолни кўриб, улар бир зум карахт бўлиб қолди. Сўнг болалари ёдига тушиб ўзларига келишди. “Болаларни уйғотиш керак, ҳаммани қутқариш керак!”.
- Мен «рибхоз»га бораман, ишчиларни уйғотиш керак, бу ердан тез кетишсин, сен болаларни уйғот, тез кетинглар! – деди Даврон шоша-пиша ташқарига чиқиб ва сал наридаги балиқчилик хўжалиги ишчилари жойлашган бинога югуриб кетди. “Вой, ўлмасам, вой шўрим, энди нима қиламиз”лаб қолган Меҳри болаларини уйғотишга шошди.
Даврон ишчилар идораси дарвозасидан кирар-кирмас, кучи борича бақирди, “Туринглар-ов, ким бор! Сардоба тошди! Тез чиқинглар, қочинглар бу ердан”.
Меҳрининг ваҳимали овозига катталари тез уйғонишди, нима бўлаётганини англаб уйдан чиқа бошлади, аммо кичигига уйқу зўрлик қилди, қимирламади. Уни Нигорага опичлатиб тезроқ чиқишни айтиб оғилхонага югурди.
- Нималарни олайлик! – деди ортидан келган каттаси Бобур даҳшатдан кўзлари катта-катта бўлиб.
- Жон омон бўлса, нарса топилади, қочиш керак, ҳеч нарса керакмас. Сенлар чиқаверинглар, молларни қўйиб юбораман. Шу аҳволда қолса уволи бор. Тирик қолса топамиз, бўлмаса,..
У зудлик билан оғилга кирди. Қорамолларни бошвоғини ечиб юборди, бузоқчаларини ҳам, қўрадан қўйларни ҳайдаб чиқарди. Ёнига келган иккинчи фарзанди Жўрабекка “ҳайда, ҳовлидан чиқар, бу ердан кетсин, узоқларга, қутулиб кетар” деди.
Даврон бу орада қайтиб келди. “Уйғотдим ҳаммасини, чиқаяпти, ишчилар...” - деди ҳовлиқиб. Ўзи отхонада боғлиқ турган жабдуқли, эгарсиз отга шахт билан сакраб минди. Бу пайтда ҳовлига сув оқиб кира бошлаган эди.
- Болаларни ол-да, тез-да кет. Менинг бу ерда қиладиган ишларим кўп. Омон бўлсак кўришамиз. Ҳаммани огоҳ қилиш керак. Тезда узоқлашинглар. Кимни билсам телефон қиляпман, бирови олса, бирови кўтармаяпти. Бир кор-хол бўлмасин. Энди мен боришим керак.
- Дада, қўрқиб кетяпман, энди нима қиламиз, - деди ўн икки ёшли Нигора йиғлаб.
- Онаси, болалар, калимаи шаҳодатни айтиб кетаверинглар. Сув балоси келди, ёмон бало бу, чиданглар. Иншоаллоҳ, бу балодан қутуламиз! Энди вақт йўқ, кетинглар, тез юринглар! Ҳали нариёқда қанча одам бехабар, уйқуда улар. Уларни шундай қолдиролмаймиз. Омон қолсак, кўришамиз. Ҳозирча хайр-хўш...
У отга қамчи босди. Шитоб билан кетиб бораркан, ўзига қандай куч келганини англаб қолди. Кутилмаган фалокат олдида карахт ҳолга тушиб қолганлар ҳам бўлган, бироқ у кўзи ёшга тўлган беш фарзанди ва аёли туфайли, уларни руҳлантиришим керак деб ҳисоблагани учун ўзини қўлга олган эди.
Кўзига ҳеч нарса кўринмаган, фарзандлари йиғлаб, бақирганида “жонни берган ҳам, олувчи ҳам Аллоҳ, калимангни қайтариб қочавер, Худонинг ўзи асрайди”, деди холос... Лекин ўзидан ўтганини ўзи ва Худо билади... Худонинг карами кенглиги шунчаликки, халқни бомдод намози пайти, саҳарликка уйғонганида, сергак пайтида асраган. Агар фалокат ярим кечаси бўлганидами, ҳеч ким омон қолмас, улгурмас эди.
Меҳри ва болалар ҳовлидан чиқиб кетди. Кўчада одам кўп эди, биров, уловда, биров пиёда. Сал юришгач, бир трактор тиркамасини судраганча келди. Тиркамада одам кўп эди, асосан аёллар ва болалар. Аксарияти қўрқувдан дод солиб йиғлашарди. Шоша-пиша уларни ҳам тортиб олишди.
Даврон от чоптириб йўл-йўлакай, уйма-уй, қўни-қўшниларни уйғотаркан, огоҳлантириб, тез бу ердан қочишни қайта-қайта айтарди. Кимдир у айтаётган гапга ишонар, кимдир эса йўқ. Сувни кўрмагунча қочишни хаёлига ҳам келтирмаганлар бўлди. “Сувни кўрмай этик ечмайдиганлар авлоди булар”, деди шундай таҳликали лаҳзаларда хаёлига ҳазил келганидан ҳайратланиб.
Отни чоптириб бораркан кимни кўрса: "Тезда болаларни олиб, баландликка боринглар, тошқин келяпти! Тошқин! Қоч, сув урди, қоч, қоч!", деб қичқирарди. Бу орада кимларгадир телефон қилди, эслолмайди. Унинг хаёлида битта бўлса ҳам одам бу балодан омон қолса бас.
“Ўт балоси, сув балоси, туҳмат балосидан асрасин, дерди кексалар. Насиб қилса, аниқ бу балодан қутуламиз”. Унда энди бошқаларга ёрдам бериш туйғуси қўшилган, ўзига ишончи ортиб борарди.
Ҳамма томон чумоли уяси бузилгандек тўзғиб кетди. Даҳшатли хабардан капалаги учиб кетганлар бола-чақасини кўтариб кўчага чопаверди. Сув кенгайиб, борган сари кўпайиб, тўрт томондан босиб келаверди. Тепаликка ўрлаган кўчада бола кўтарган, ёшу қари деярли чопиб борарди. Бировнинг ранги оқарган, гарангсиган, бошқаси боласини қидириб у ёқдан-бу ёққа чопган. Катта бир тугун кўтарган кампирга биров: “Ташланг тугунни, момо, жонни сақлаш керак, жонни", деб тушунтирар, кампир эса тугунга баттар ёпишарди.
“Ўлимлигим бу, қандай ташлайман ахир” - жиғибийрон бўлиб ғудранарди кампир.
“Э, моможоним-а, шуям насиб қилармикан бизга?!” - деди бир мўйсафидроқ киши унга қараб.
Тирик жон борки югурар, тепароқ жойни кўзлар, чумолидек ўрмаларди. Одамлар тугул ҳайвонлар, отлар, сигирлар, қўйлар, итлару мушуклар. Ҳатто каламуши сичқонлар ҳам чопарди. Бир бутунликда жон омонлиги учун югурарди. Ҳеч ким бир-бирига қарамас, чоп-чоп авжида эди. Худдики, тошқин ва ваҳимадан бутун дунё чопаётгандек. Бир пасда ҳаммаёқ тўс-тўполон бўлиб кетди. Тепада кетма-кет уяси-ошиёни бузилиб бораётган қушлар чарх урарди. Қандайдир бир даҳшатли аждар ўрмалаб таъқиб этаётгандек эди.
Саросима ичида қишлоқни тарк этаётган одамларни молхоналардан кузатаётган сигирлар, қўрадаги қўй-эчкилар кутилмаганда қиёмат бошлаганини сезиб, бир овоздан узундан-узун маърашарди. Лекин ҳеч ким бу жониворларни жилла қурса арқонидан ёки қўрасидан бўшатишни ўйламасди. Ҳаммага жон ширин. Тонг ғира-ширасида катта йўлни тўлдирган одамларни орасидан кўзи ёнган машиналар шитоб билан ўтиб қайтарди.
Давроннинг хаёлига қишлоқнинг четроқ уйида яшайдиган ёлғиз кекса Мамат бобо келди. “Бобонинг "қулоғи оғир" эди, эшитмай қолди-ёв. Борай-чи!”. У отни бобоникига қараб ҳайдади. “Чу, жонивор!”. От шилта лой кеча-кеча қишлоқ четига қараб кетди.
Яхшиям келган экан, ҳовлига тизза бўйи сув кирган бўлиб, Мамат бобо ҳовлидаги ёғоч супага чиққанча, ўрик дарахтига суяниб қўрқув ва ҳадикда пичирларди. Давронни кўриб унинг кўзи ёшланди, умид уйғонди.
- Бобо, келдим, сизни олиб кетаман, - қичқирди у. – Мининг тез, кетамиз.
- Жонингни қутқарсанг-чи, ҳой бола! Мен ошимни ошаб, ёшимни яшаганман, ахир, - бобо уни урушган бўлди, кейин ташлаб кетмагани учун дуо қилди. – Юртимизни бало қазолардан асра, Парвардигор. Сендек йигитлар эл корига ярайверсин!
- Келинг, бобо, барибир сизни ташлаб кетолмайман, ахир. Омон бўлсак, ҳали кўп дуо қиласиз.
У отни бобога тўғрилади. Авайлаб қўлтиғидан олди, мингаштириб ҳовлидан чиқди. От оёғи тойиб-тойиб, сув кеча-кеча қуруқликка чиқиб олди. Шу пайт ўнг томондаги уйлар томонидан бола йиғиси эшитилгандек бўлди. Бу товушни сувнинг шовуллагина босиб кетди. Лекин бу томонни деярли сув босиб бўлган эди. “Оббо, бирорта бола қолиб кетдимикан? Қутқарувчилар қачон бу ерга етиб келаркан?!”. У олисларга тикилди. Тепада вертолёт учиб ўтди. У сув босган томонга кетди. Афтидан, бирор ким қолиб кетган бўлса қутқарар.
Сал юргандан кейин бир арава кўринди. Тезлашиб етиб олган Даврон чолни унга авайлаб ўтқазди. Аравакашга “тез ҳайда, кеч қолма” деди тепаликни кўрсатиб.
Бир зум иккиланди. “Ортга қайтсам болани олиб чиқоламанми?! Кетсам-чи! Йўқ, унда виждон азобида қоламан! Қутқараман уни?!”. Болани қутқармай ташлаб кетадиган бўлса, кейин одамларнинг юзига қандай қарайди. Қутқариш мумкин бўлганда кўра-била туриб, ташлаб кетиш - йўқ, у бундай қилолмайди!
У отга яна қамчи урди. От қамчи зарбидан зириллаб кетди. Уям хатарли вазиятни сезиб турибди шекилли. Тезроқ борса олиб қоладигандек отни елдириб кетди.
Сув кечиб бояги овоз чиққан - Ҳусниддиннинг уйи томон юрди. “Ҳусниддиннинг ёш болалари бор эди, ишқилиб тинчлик бўлсин!”. Эллик-олтмиш қадамча юришгач, сув тезлиги ортди, кўтарила-кўтарила отнинг тиззасидан ҳам тепалади. Уй томонда яна англовсиз овоз келди. Тезлашиш керак, вазият оғирлашиб боряпти. Уйнинг деворларига урилаётган оқиш тўлқинлар таҳдидли силкинди.
“Ҳаёт тўхтайдими яна, - деди ўзига-ўзи. – Нуҳ пайғамбар яна ортга қайтиб, барча жониворни қутқарадими? Шу тобда нималар келади хаёлга-я. Чу, тулпорим, бир ҳа де, энди, бир қўлла, жонивор. Аллоҳим, ўзинг кўмак бер, менга!”. Даврон Худога ёлворар, балони даф этишни сўрарди. Уйга йигирма одимча қолганда бир мушукча аянчли миёвлаб уйнинг деразасига тирмашди.
“- Ҳай аттанг, мушук бола экан! Бекор қайтибман, - деди у. - Майли, бола эмас экан, шунисигаям шукур”.
Қийналиб отни орта бурди. Кучли оқимдан от тентираб кетаверди. Ваҳимали тусга кирган сув борган сари кучайиб отни пастга суриб кетди. От тизгинини тортиб вазиятни қўлга олмоқчи бўлди. От кучли эди, оқим ундан кучлироқ чиқди. Унинг устига сув ўпирган жойга дуч келди, от боши билан сувга шўнғиб кетдию, Даврон ўзини сув юзасида кўрди. Баданини минглаб чумоли талагандек тирноғигача жунжикиб кетди. Бунча совуқ бўлмаса. Унинг устига лойқа ва бўтана сув, ҳар балони оқизиб келяпти. Жон ҳолатда суза бошлади. Сал нарироқда от қалқиб чиқдию, типирчилаб сузди. Оқим кучли эди. Иккисини икки томонга улоқтириб юборди. От нарироқда гирдобга дуч келди ва ғойиб бўлди, Даврон қайтиб уни кўрмади. Начора, одамзод ожиз экан, кучли оқим уни тобора ўртароққа писта пўчоқдек оқизиб кетди.
“Тамом бўлдим, қисматим шу экан!”. Унинг бошига чақин теккандек бўлди. У бўтана сувда гоҳ чўкиб, гоҳ кўриниб оқиб бораркан, қаршисида кекса толни кўриб қолди. “Ё Тангрим, ожиз бандангга нажот бердингми?!”.
Нажоткор тол унинг жонига оро кирди. Толчивиқларга ёпишиб олган Даврон дарахт танасини маҳкам қучоқлади. Бир амаллаб шохига чиқиб олди. Ичига кетган сувдан ўқчиб-ўқчиб йўталди, нафасини ростлай олмай ҳансиради. Унинг атиги сал пастда турли балою баттар нарсаларни оқизиб келаётган сув шиддаткор тусда ўтаверди. Даврон толнинг уни тутиб тура оладиган даражадаги тепа шохларига чиқиб олди. “Аллоҳим, ўзингга шукур, нажот берганингга минг марта шукур!”.
Тол тошқин кучидан тинимсиз тебранар, ўзини қутқармоқчидек силкинарди. Бироқ, оқим тобора кучаяр, баттар сиқувга оларди. Даврон ҳалинчакда ўтирган боладек уёқдан бу ёққа тинимсиз бориб келарди.
Даврон бу ерда кўп жон сақлаб бўлмаслигини англади. “Унда ўлмасанг, бунда ўл, калимангни қайтар, ўлимингни кут!”. У нажот истаб кўкка қаради. “Мени кўриб қолармиканлар, кўрмай қолса-чи!”. Ана шу кўрмай қолиш уни юрагини ўртаб юборди.
Ҳув олисда тепада яна темир қушлар - вертолётлар, узоқда ҳарбий машиналар кўринди. “Демак, қутқаришга келишади, энди қутулдим!”.
Сўнг шахт билан кўйлагини ечди. Толчивиқдан синдириб, учига яловмисол боғлади. Силкита бошлади. “Энди кўришар, ахир”. Унинг ёлғиз умиди қутқарувчиларда эди. Лекин ҳадеганда улар бу томонга келавермади.
Бу орада сув янада кўтарилиб, тол деярли эгилиб қолди. Толнинг сўнгги шохларини қучоқлаб, кўйлагини ҳилпиратар, Худога тинимсиз ёлворарди.
“Худойим, нажот бер, нажот бергин! Бу балонгдан ўзинг асра! Ўзингдан бошқа нажоткорим йўқ. Ёлғиз Аллоҳим ўзинг! Бир бечора бандангни қутқар!”. Ўлим унга шу қадар яқин келган эдики, сувга тушса тамом эди.
Олдин тепадан мотор гуриллагани ва сўнг унга яқинлашгани эшитилди. Даврон тепага қаради. “Ҳайрият-э, кўришибди!”. Унда бирдан яшаш иштиёқи кучайиб кетди. Юз берган фалокат қанчалик улкан бўлмасин, унинг барча даҳшатлари ортда қолгандек туюлди.
Бу пайтда афтидан эгилиб қолган тол сўнгги кучларини сарф этаётган эди. Шунда Даврон шундоққина ёнида арқонли нарвонни кўрди. Куч билан унга ёпишди. Тепадан қутқарувчилар нимадир деб қичқирди. Сувнинг шовқинида тушуниб бўлмади. Арқонли нарвонга тирмашаркан, оёғини илдирган эди ҳамки, тол қаттиқ бир силкиниб сувга йиқилди ва ғайир оқим уни суриб кетди. Арқонга осилиб муаллақ қолган Давронни вертолётга тортиб олишди.
- Аҳволингиз яхшими? Ўзингизга келиб қолдингми? – деди ҳарбий зобит унга. – Агар йўқ демасангиз, ортга қайтмасак, яна қутқаришимиз лозим бўлганлар бордир. Нима дедингиз?
- Балки менинг ҳам ёрдамим тегар?!
- Ҳа, албатта, сиз бу ерларни яхши биласизми? Аҳоли яшайдиган жойларни кўрсатасиз.
- Хўп. Назаримда мени қутқариш учун Нуҳ пайғамбар кемасини юборгандек...
Ҳарбий зобит жилмайиб қўйди. Даврон пастга қаради. Даҳшатнинг ўзгинаси, эҳҳе, бутун дунёни сув босибди. Минглаб гектар ер лойқа сув тагида қолибди. Сув ҳали ҳам тўхтамаяпти. Тўрт тарафга тарқаётгани туфайли шиддат сал пасайган бўлса-да борган сари катта ҳудудни эгаллаяпти. Йўлида чиққан нимаки бор қўпориб, бетону кўприкларни бузиб, уйларни қулатиб, дарахтларни тортқилаб йиқитиб, далаларни эгаллаб олмоқда. Шундоққина унинг пастида мутлақо сувга ўхшамай қолган қандайдир ваҳший ва улкан жондор турли томонга сапчиб, буралиб, пишқириб, ҳар томонга қараб югурарди. Давроннинг назарида бу ёвуз фалокатнинг остида бутун дунё қоладигандек.
Ҳар жойдан этни жунжиктирадиган даражада қичқириқли сирена эшитилади. Шиддатли тошқин уйларни ағдариб, йиқилмаган деворларни тешиб чиқаётганини худди кино кўраётгандек ҳайрат ва афсус билан кузатарди. Айрим уйлар ортиқ чидашга қурби етмагандек гупиллаб қулаб тушаверди.
Сув юзида қалқиб оқаётган минглаб дарахтлар-у мингларча бочкалар, кўрпа-ёстиқлар, стол-стулу, сандиғу бешикларгача кўринди. Оқиб кетаётган қўю қорамоллар, аравалар, сув юзида қалқиб-қалқиб кетарди. Даҳшатли бир манзара атрофни қамраб олган эди.
Ҳув олисда тобора олислаётган оломонни ортидан беш-олти чақирим қувиб борибди. Яхшиямки, ҳарбийлар ёрдамга келиб ҳам техникадан ёрдам берибди, ғизиллатиб узоқроққа ташиб турибди, ҳам тартиб ўрнатишибди. Лекин ҳамма саросимада, улар сув балосидан асра, деб бежиз айтилмаганини яна бир бор англаб етдимикан?!.
Ишқилиб одамлар асраб қолинган бўлса бўлди. Бош омон бўлса дўппи топилади.
Қиёмат-қойим бўлибди. Ҳақиқий фалокат. Табиат қаҳри. Ер сувга чўкарди. Сув тошқини - ёвуз қудрат. Аттанг, кечагина осойишта, жимирлаб ётган тип-тиниқ сув қаҳрли аждаҳога айланиб, халқ бошига шунчалик кўргулик солса?!
Бир кун ўтиб, сув тошқини пасая бошлади. Ҳамма ёқ қуйқа сув. Лойқа, бўтана. Жаннатмонанд замин кунпаякун қилинган. Унда-бунда юрак ютганлар сувни шалоплатиб, атрофни кузатади. Даҳшатнинг ўзгинаси.
Қуруқликка етиб олгач Даврон оиласини топди. Лекин бир ойча ортига қайтолмади. Ўз қўли билан гулга буркаган заминни вайрона ҳолда кўргиси келмади. Кўнгли ғаш, ичига чироқ ёқса ёришмайди. Одамлардан эшитгани - яхши ўзгаришлардан хабардор бўлди, лекин кўнглида қор эриса ҳам музи қолди.
Кейин барибир қайтди. Бу вақтда унинг кўнглида она қишлоғини янада обод қилиш истаги илдиз отиб улгурган эди.
Дўстбек Сулаймонов.
Рассом: Рустам Тўлиев