Самарқандлик қурувчилар Сардобада 160 та уй-жойни таъмирлаяпти
Сирдарё вилояти “Сардоба” сув омбори дамбаси сув тошқинидан талафот кўрган уй-жойларини қайта таъмирлаш ва қуриш ишларида самарқандлик қурувчилар ҳам жонбозлик кўрсатмоқда.
Хусусан, 52 та пудрат ташкилоти қурувчилари томонидан Шодлик маҳалласида 157 та уй-жой мукаммал таъмирланиб, 3 та янги қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунгача 11 миллиард 456 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Қайд қилиш лозимки, бунёдкорлик ишлари лойиҳа-смета ҳужжатлари “Қишлоққурилишлойиҳа” лойиҳа институти вилоят филиали томонидан бажарилиб, Сирдарё вилояти қурилиш бош бошқармаси томонидан экспертизадан ўтказилди.
Қурилиш-монтаж ишларига жалб этилган 845 нафар ишчи-ходимлар уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Бундан ташқари, вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан жалб этилган 3 та экскаватор, 2 та юк ортиш техникаси, 17 та юк автомашиналари, 6 та ичимлик суви ташишга мўлжалланган автомашиналар ва бошқа техникалар кунлик ишларга ёрдам бермоқда. Автомашина ва техникалар “Мароқанд нефть базаси” масъулияти чекланган жамияти томонидан зарур миқдорда ёқилғи мойлаш маҳсулотлари билан таъминланмоқда.
Тошкент вилояти қурилиш назорати инспекцияси мутахассислари қурилиш-монтаж ишларини кунлик назорат қилиб, ўтган 10 кунда жами 195 та камчиликларни аниқлашди. Камчиликлар жойида бартараф этилиб, ишларни сифатли бажариш чоралари кўрилмоқда. Айни шу мақсадда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда хонадонлардаги ва мослаштирилаётган электр сим кабеллари меъёр талаби асосида бўлиши назоратга олинган.
Шунингдек, уйлар том қисмларидаги ёғоч конструкцияларнинг ёнғин хусусиятини пасайтириш учун кимёвий ишлов берилишига алоҳида эътибор бериляпти. Қурилиш-таъмирлаш ишлари лойиҳасида ис газидан заҳарланиш, чақнаш ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир хонадонга кириб келаётган газ тармоғига махсус газ таҳлил мосламаси ўрнатиляпти.
Режага кўра, 1 июлгача 30 та хонадонда ишлар тўлиқ бажариб бўлинди. 10 июлга қадар яна шунчаси фойдаланишга топширилади. Қолган 100 та уй-жойнинг 50 таси 20 июлгача, иккинчи ярми 31 июлгача ҳовли эгалари кириб яшашлари учун тайёр бўлади.
Ҳудудда шунингдек, Сирдарё вилояти автомобиль йўллари минтақавий бошқармаси буюртмаси асосида Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидан рўйхатдан ўтган “Дониёржон Диёржон” масъулияти чекланган жамияти томонидан ички йўлларни таъмирлаш ва қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан 20 нафар маҳаллий фуқаролар жамоатчилик асосида ишга қабул қилиниб, пиёдалар йўлакчаси қурилишига жалб этилди.
Ички йўлларда бугунги кунгача ер тайёрланиб, иррация тармоқлари ўрнатилмоқда.
Азизбек ВАҲОБОВ,
вилоят штаби аъзоси, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи ўринбосари, адлия маслаҳатчиси.