Савдо қиляпсизми, оралиқ масофани сақланг!

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси вилоятдаги мавжуд деҳқон бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлаш билан бирга карантин қоидаларига риоя қилиниши устидан ҳам қатъий назорат ўрнатган.

Жумладан, савдо-сотиқ жараёнида оралиқ масофани сақлаш ва сотилаётган маҳсулотларнинг ҳимояланишига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Шунингдек, маҳалла, қишлоқларда ташкил этилаётган кўчма дўконларда ҳам оралиқ масофани сақланиши департамент ходимларининг диққат-эътиборида.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бугунги кунгача Самарқанд вилоят прокуратураси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва  вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан вилоятдаги 1096 та маҳаллаларда 1543 маротаба кўчма савдо ярмаркалари ташкил қилиниб, халқимизга 1026 тонна қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари қулай шароитларда етказиб берилди.