Сайлов жараёнлари халқаро кузатувчилар нигоҳида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлари депутатлари сайловини бир қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан келган кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатиб бормоқда.

Халқаро кузатувчилар вилоятимиз сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнларини кузатиш билан бирга вилоят ҳудудий сайлов комиссияси фаолияти билан ҳам танишмоқда.

Польшадаги “Маршлек-холдинг” нашриёти президенти Адам Маршалек шу пайтгача бир неча бор юртимиздаги сайлов жараёнларида кузатувчи сифатида қатнашган.

– Кеча Тошкент шаҳрида бўлиб, сайловга тайёргарликни кузатган бўлсам, бугун Самарқандда бу жараёнга бевосита гувоҳ бўляпман, – дейди Адам Маршалек. - Одамлар сайловга бефарқ эмас, қаерга боришни, кимга овоз беришни билади. Айрим давлатларда аҳоли аввал ўз юмушларини бажариб, кейин сайловга боради. Ўзбекистонда эса сайловчилар эрталабдан участкаларга бориб, овоз бермоқда. Бу Ўзбекистонда сайловларни ўтказиш бўйича катта тажриба тўпланаётганидан далолат. Илгари ҳам халқаро ташкилотлар гуруҳи таркибида Ўзбекистондаги сайлов жараёнларини кузатганман. Бу гал мустақил кузатувчи сифатида қатнашяпман. Ташкилотчилар мендан қайси ҳудудга бормоқчисиз, деб сўраганларида ҳеч иккиланмай Самарқандни танладим. Чунки ҳар гал бу қадимий ва гўзал шаҳарда бўлганимда янги таассуротларга эга бўламан.

Шунингдек, Адам Маршалек Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликларни зиёрат қилди.