Журналистика ўзгармайди, жамиятнинг унга муносабати ўзгаради

Бугун ахборот майдони шиддат билан ўзгариб, анъанавий матбуот ва ижтимоий тармоқлар ўртасидаги кураш қизғин паллага кирган бир даврда, асл журналистиканинг вазифаси нимадан иборат, деган савол тез-тез қулоққа чалинмоқда. Кимдир соҳанинг келажагини фақат интернетда кўрса, бошқа бир томон матбуотнинг тарбиявий кучи ҳали сўнмаганини таъкидлайди.

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида кўп йиллик тажрибага эга, соҳанинг ичидаги ва ташқаридаги жараёнларни теран таҳлил қила оладиган суҳбатдош – фахрий журналист Нусрат Раҳматдан бугунги ўзбек журналистикасининг ютуқ ва йўқотишлари, сўз эркинлигининг асл мезонлари ҳамда блогерлик ва журналистика ўртасидаги чизиқлар ҳақидаги саволларимизга жавоб олдик.

- Устоз, журналистикани кимдир жамият кўзгуси, кимдир халқ ва давлат ўртасидаги кўприк, яна кимдир тўртинчи ҳокимият, деб тарифлайди. Кўп йиллик тажрибангиздан келиб чиқиб, Сиз қандай тарифлаган бўлардингиз?

- Журналистикани битта қолипга солиб бўлмайди. У сиз айтган барча таърифларни ўзида мужассам этади. Унинг вазифалари ва имкониятлари шу қадар кенгки, биргина таъриф билан чеклаш мушкул. Шу билан бирга, мен журналистиканинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратган бўлардим бу — халқлар дўстлигига хизмат қилиш вазифаси. Бугунги глобаллашув даврида турли миллат ва элатлар бир-бирига янада яқинлашмоқда. Бундай жараёнда журналистика нафақат ахборот етказувчи, балки халқларни бир-бирига боғловчи маънавий кўприк вазифасини ҳам бажариши керак. Журналистикага кўпроқ мана шу нуқтаи назардан қараш лозим.

– Фаолиятингизни бошлаган давр билан бугунги кунни таққослаганда, ўзбек журналистикасида нималар ўзгарди? Нималар йўқ эди–ю пайдо бўлди? Нималар бор эди -ю, йўқ бўлди?

– У пайтлар собиқ иттифоқ даври эди. Очиғи, журналистиканинг асл моҳиятини ҳам унчалик чуқур англаб етмагандик. Қишлоқ хўжалиги соҳасини тамомлаганман, журналистикага кириб келишимга эса айнан шу соҳада амалга оширилаётган ишларни ёритадиган мутахассисга эҳтиёж туғилгани сабаб бўлди.

Кейинчалик вилоят ва республика миқёсидаги бир қатор оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бордим. Орадан йиллар ўтиб, бугунги журналистика ва матбуотни ўша давр билан қиёсласам, катта фарқни кўраман. Албатта, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Баъзан истаган одам истаган мавзуда ёзаётгани, савияси паст материаллар ҳам учраб туриши мумкин. Бироқ бу жараёнларга якуний баҳони вақт ва тарих беради. Муҳими, бугун аввалгидек қатъий цензура йўқ. Фикр билдириш, воқеа-ҳодисаларни турли нуқтаи назардан ёритиш имкониятлари анча кенгайди. Бу эса журналистиканинг ривожланиши ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим омиллардан бири.

– Ривожланган давлатлар одамларида ҳалиям расмий ОАВга ишонч юқори. Мисол учун, Япония ёки АҚШда газеталарнинг ўз ўқувчилари бор. Таҳлилларга кўра, бизда муайян бир даврда расмий ОАВ ижтимоий-сиёсий ҳаётдан узоқлашиб кетгани учун интернет пайдо бўлиши билан ўз ўрнини йўқотди. Бу ҳақда Сизнинг фикрингиз қандай?

– Эътибор берсангиз, биз узоқ вақт интернетни қоралаш билан овора бўлдик. Дастлаб унга жиддий қарамадик ҳам. “Интернет одамнинг ўрнини боса олмайди”, “ҳар нарсанинг ўз ўрни бор”, деган қарашлар кенг тарқалган эди. Аммо бугун сунъий интеллект деган янги ҳодиса пайдо бўлиб, кўплаб касб эгалари учун жиддий рақобат муҳитини юзага келтирмоқда. Айрим соҳаларда у инсон бажараётган вазифаларни ўз зиммасига ола бошлади. Демак, биз муросасиз рақобат даврида яшаяпмиз.

Газеталар адади камайиб кетгани менимча, бунинг сабабини фақат интернетдан излаш тўғри эмас. Бу, аввало, газетачиларнинг ўзига боғлиқ масала. Айрим мамлакатларда газета ўқувчилари сақланиб қолаётган бўлса, бу журналистларнинг меҳнати, ўқувчи эҳтиёжини тўғри англай олганининг натижасидир.

Журналист халқнинг истак ва эҳтиёжларини ўрганиши, шундан келиб чиқиб ижод қилиши керак. Ўқувчи нимани истаётганини билмасдан туриб, уни газета ёки китобга қайтариб бўлмайди. Шу маънода газеталар бутунлай йўқолиб кетади, деган фикрга қўшилмайман. Интернетнинг ҳам, газетанинг ҳам жамиятда ўз ўрни бор. Келажакда бу икки майдон бир-бирини инкор этмайди, аксинча, тўлдириб боради. Соҳага кириб келаётган ёш ва салоҳиятли кадрлар эса бу масаланинг янги ечимларини топишига ишонаман.

- Охирги вақтларда турли минбарларда турли шахсларга қарата энг кўп берилаётган саволлардан бири: Сиз Ўзбекистонда сўз эркинлиги даражасини қандай баҳолайсиз?

– Бу саволга жавоб бериш учун, аввало, ўн-ўн беш йил аввалги оммавий ахборот воситалари фаолиятини бугунги ҳолат билан қиёслаб, чуқур таҳлил қилишимиз зарур. Шундагина холис хулоса чиқариш мумкин бўлади.

Шахсан мен бу борада маълум маънода олдинга силжиётганимизни кўраман. Албатта, ҳали ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Уларнинг аксарияти журналистларнинг ўз фаолияти билан боғлиқ. Хусусан, қонунчиликни етарли даражада билмаслик, воқеа-ҳодисаларни чуқур таҳлил қила олмаслик, масаланинг асл моҳиятини англамаслик каби камчиликлар айрим ҳолларда сезилиб туради.

Яна бир муҳим жиҳатга тўхталмоқчиман. Биз минталитет ва демократия тамойиллари ҳақида гапирганда, уларни сўз эркинлиги масаласи билан боғлаймиз. Бироқ асло бу тушунчаларни бир-бирига қарама-қарши қўймаслигимиз керак. Аслида минталитет, демократия ва сўз эркинлиги бир-бирини инкор этадиган эмас, балки тўлдирадиган тушунчалардир. Энг муҳими, уларни халқимиз манфаатлари йўлида оқилона уйғунлаштира олишимиздир. Ана шундагина жамият тараққиёти ва журналистиканинг ривожи учун мустаҳкам асос яратилади.

– Бугун жамиятда расмий журналистдан кўра, блогерлар кўпайиб боряпти. Сиз блогер ва журналистнинг фарқини қандай тушунтирган бўлардингиз?

– Блогер ва журналистни таққослаганимизда, кўпинча блогерларни савиясизликда айблаймиз. Аслида бу билан билвосита ўзимизни савиялироқ деб ҳисоблаётган бўламиз. Агар шундай экан, нега энди уларни четга суришимиз ёки камситишимиз керак? Аксинча, бағрикенг бўлиб, уларнинг ҳам савияси ошишига ёрдам беришимиз лозим. Ахир улар ҳам шу халқнинг бир бўлаги, шу жамиятнинг аъзолари.

Тўғри, блогерлар орасида майда мавзуларга бериладиганлари, етарли таҳлилсиз ёки савияси паст материаллар тайёрлайдиганлари ҳам бор. Бу фикрга қисман қўшилиш мумкин. Лекин ўша “майда гаплар” деб қаралаётган айрим масалаларни кўтариш учун журналистда етишмаётган журъат баъзан блогерда топилади.

Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Аксарият блогерларнинг асосий даромад манбаи блог юритиш эмас. Уларнинг касби, бошқа тирикчилик манбаи бўлади. Журналист эса кўпинча ўз меҳнати ортидан рўзғор тебратади. Уйда бола-чақаси, оиласи кутиб турган пайтда инсон ҳар доим ҳам журъат ҳақида ўйлай олмайди.

Қолаверса, бугун журналистларнинг ҳам, блогерларнинг ҳам моддий таъминоти юқори эмас. Натижада журналист айрим масалаларда журъат қила олмаса, блогер ўз журъатини кимларнингдир манфаатларига хизмат қилдириш хавфи ҳам пайдо бўлади. Шу сабабли бу масала фақат медиа вакиллари эмас, балки давлат сиёсати даражасида ҳам жиддий ўйлаб кўрилиши керак бўлган масалалардан биридир.

Чунки жамиятга масъулиятли, мустақил фикрлайдиган ва моддий жиҳатдан барқарор журналист ҳам, блогер ҳам зарур.

- 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳага илк қадам қўяётган йигит-қизларга тилак ва тавсияларингиз?

- Қайд қилинган муаммолар ҳал этилишини, журъат қилиш имкони катта бўлишини тилайман!

Отабек УМИРОВ суҳбатлашди.